Путин ядро сиёсатини ўзгартирди, Россия Ғарбга айнан ва сезиларли жавоб бермоқчи

Ракета

Сурат манбаси, Getty Images

АҚШ Украинага узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталарини Россия ҳудудига отишга рухсат бериши ортидан, Украина қўшинлари Россиядаги илк нишонга зарба берди. Путин Россиянинг ядро сиёсатига ўзгартириш киритилган ҳужжатни имзолади. Энди Россия оддий қуроллар билан ўт очилса ҳам ядро қуроли билан жавоб берилиши мумкин.

“РБК-Украина” нашри аноним манбасига таяниб хабар беришича, Украина қуролли кучлари Россия ҳудудига илк маротаба ATACMS баллистик ракеталари билан ҳужум қилди. Ракета нишонга аниқ тегди, дейилмоқда.

Нашр манбасининг айтишича, ракета Россиянинг Брянск вилояти Карачев шаҳридаги ҳарбий объектни аниқ нишонга олган.

Россия ҳарбийлари ушбу даъвога изоҳ беришмади. Би-би-си уни мустақил манбалардан текшира олмайди.

Олдинроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Америка бу каби ракеталарнинг Россия ҳудудига отилишига рухсат бериши махсус ҳарбий амалиётга таъсир кўрсата олмаслигини айтганди.

У, шунингдек, бу борада Владимир Путиннинг изоҳини такрорлаган, Украина мустақил равишда бу қуролларни НАТО давлатларига тегишли сунъий йўлдошлар ёрдамисиз ишлата олмаслигини айтган.

“Киев томонидан бизнинг ҳудудларга узоққа учувчи ракеталар билан ҳужум қилиши АҚШ ва унинг сунъий йўлдошлари Россияга қарши ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этишини ҳамда можаронинг мақсади ва табиатини кескин ўзгартириб юборишни англатади. Бундай ҳолатда Россиянинг жавоби мос ва сезиларли равишда бўлади”, деган Мария Захарова.

АҚШнинг Украинага ATACMSлардан Россияга ҳудудига ракета отишга рухсат бериши ортидан президент Владимир Путин Россиянинг ядровий тийиб туриш давлат сиёсати асосларини тасдиқлади. Олдинроқ Путин Россиянинг ядро сиёсати ўзгараётганини маълум қилганди.

Энди Россия ёки унинг иттифоқчиси бўлмиш Беларусга, уларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид солувчи оддий қурол билан ҳужум бўлган тақдирда Россия ядровий бомба қўллаб жавоб бериши мумкин.

Ғарб оловга ёғ сепаятими - Кремл узоққа учувчи ракеталарга шарҳ берди

Узоққа учувчи ракеталар

Сурат манбаси, Getty Images

Узоқ масофадаги нишонни урадиган Америка ракетасини Россия ичкарисида қўллашига Украинага рухсат берилиши хабарини Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “оловга ёғ сепиш” деб таърифлади.

Ҳозирча Россия Президенти Владимир Путин буни шарҳлагани йўқ

“Агар шундай қарор шакллантирилган ва Киев режимига етказилган бўлса, албатта, бу тарангликнинг янги буралишидир. Ва бу можарога Қўшма Штатлар аралашганининг сифат жиҳатидан янги вазиятидир. Шу нарса аёнки, Вашингтондаги кетаётган маъмурият “оловга ёғ қуйиш” ва можарода таранглик оширишни гижгижлашда давом этмоқчи”, деган Дмитрий Песков.

Бундан олдин Президент Путин узоқ ракеталарга рухсат бериш Украина-Россия урушига НАТОнинг тўғридан-тўғри қўшилишига қарор бериш деганини англатади, биз шундан келиб чиқиб иш кўрамиз, дея баёнот берганди.

Президент Зеленский анчадан буён Ғарб берган узоқ масофага мўлжалланган ракеталар билан Россия ичкарисидаги нишонларни уришга рухсат сўраб келади.

Бироқ ядровий қуролга эга Россия билан можаро янада кенгайиши ҳамда қиммат ракеталари захирасини озайтириб қўйишдан хавотирда бўлган АҚШ узоқ АТАКАМС ракеталарини ишлатишга рухсат бермай келаётган эди.

Qanchaga uchadi?

Франция билан Британия Украинага “Сторм Шэдоу” ва Скалп ракеталарини беришган, лекин Америка ижозатисиз Россия ичкарисига отишдан тўхтатиб турган эди.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан Ноэл Барро, биз ўз ракеталаримизни Россия ичкарисида қўллашга аввалдан очиқ бўлганмиз, деб айтди.

Энди Франция ва Британ узоқ ракеталари учун ҳам яшил чироқ ёқилди.

АТАКАМСларга рухсат бериш қарори Шимолий Корея аскарлари Украина урушига қўшилгани хабарларидан кейин берилди.

Таҳлилчиларга кўра, Украина бу ракеталарни корейс аскарлари жангга ташланган Россиянинг Курск вилоятида қўллашни истайди.

Кўплаб ҳарбий таҳлилчилар фикрича, Россия ичкарисига уришга рухсат бериш, Украинага мудофаага ёрдам берса-да, уруш йўналишини ўзгартирмайди.

Пентагон Украинага бундай ракеталардан кўп беролмаслиги ҳақида аллақачон огоҳлантирган.

ВВСнинг Дипломатик мухбири Поль Адамс, узоқ масофага мўлжалланган Ғарб ракеталари билан Украина нима қила олиши мумкинлиги ҳақида шундай дейди:

“Шубҳасиз, бу Украинага Россия ичкарисидаги логистика базалари, ҳарбий базаларини нишонга олишга ёрдам беради. Бу ерда яна бир нарсани ёдда тутиш керакки, ҳам уруш жабҳасига, ҳам Украина ичкарисига бомбалар отаётган Россия учоқларининг 90 фоизи АТАКАМС ва “Сторм Шэдоу” ракеталари етиб борадиган масофадан нарига жойлаштирилган. Фикримча, энг муҳими, бундан кейин украиналикларнинг 300 километрлик радиусдаги иншоотларга нималар қила олишлари мумкинлигидир”.

Байден Украинага қудратли АҚШ ракеталарини Россия ичида қўллашга рухсат берди

ATACMS узоқ масофали ракеталар

Сурат манбаси, WHITE SANDS MISSILE RANGE PUBLIC AFFAIRS

Сурат тагсўзи, ATACMS узоқ масофали ракеталар

АҚШ Президенти Жо Байден Америкада ишлаб чиқарилган ATACMS узоқ масофали ракеталарни Россия ҳудудининг ичкарисига отишга рухсат берди.

Бу хабар расман эълон қилинмади, лекин Украина Президенти Володимир Зеленский “ракеталарнинг ўзлари гапиради”, деб айтди.

“Бугун матбуотда биз олган рухсат ҳақида кўп гап бўляпти. Зарбалар сўз билан берилмайди. Бундай нарсалар эълон қилинмайди. Ракеталарнинг ўзлари гапиради”, - деди Зеленский.

ATACMS, яъни MGM-140 Армия тактик ракета тизимини Lockheed Martin ширкати ишлаб чиқаради.

Юқори тезлиги туфайли бу ракеталарни илғаш ва уриб тушириш қийин.

АҚШ ўз ҳарбий ёрдами доирасида бу қуролларни Киевга юборган ва Украина аллақачон уларни Россия ишғоли остидаги Қримда бир марта қўллаган.

Айтилишича, АҚШ Украинага Россиянинг Курск вилоятида ишғол қилган ерларини ушлаб туриш учун ушбу ракеталарни қўллашга рухсат бермоқда.

Zelenskiy
Getty Images
Бугун матбуотда биз олган рухсат ҳақида кўп гап бўляпти. Зарбалар сўз билан берилмайди. Бундай нарсалар эълон қилинмайди. Ракеталарнинг ўзлари гапиради.
Володимир Зеленский
Украина президенти (bbc.com/uzbek)

Хабарларга кўра, АҚШнинг бу қарорига Россия Курскка Шимолий Корея аскарларини олиб кириши сабаб бўлган.

Ўтган тунда Россия Украинага яна дрон ва ракета ҳужумларини қилди. Чегара яқинидаги Суми шаҳрида камида 10 киши ҳалок бўлган.

Шанба кунида Россия охирги Украина бўйлаб ойларда энг каттаси дея кўрилаётган мувофиқлаштирилган ҳужумларни амалга оширди. Бу амалиёт қиш мавсумига тайёрланаётган энергия инфратизилмасини нишонга олди.

Би-би-си мухбири Пол Адамс Украинанинг Днипро шаҳридан ёзишича, АҚШ қарори бу урушдаги катта аҳамиятга эга бўлади.

Украина ойларки АҚШнинг ATACMS (Армия тактик ракета тизими) ни қўллашга рухсат сўраб келаётганди.

Одессага қилинган Россия ҳужумида икки киши нобуд бўлди, электр ва сув тизими ишдан чиқди.

Сурат манбаси, STATE EMERGENCY SERVICE OF UKRAINE

306 километр масофага етишга қодир бу ракеталар Украинага берилган энг қудратли қуроллардан биридир.

“Бу уруш йўналишини ўзгартирмайди, лекин икки томондаги кучларни тенглаштиради”, - деб айтди Киевдаги Хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази раиси Серхий Кузан.

Унга кўра, яқин кунларда Россия ва Шимолий Корея қўшинлари Россиянинг Курск вилоятидан украин армиясини чиқариб ташлаш бўйича йирик амалиётни бошлашмоқчи.

ATACMS Россия ҳудудида қўлланишига берилган рухсатнинг яна бир аҳамияти бор.

Бу энди Британия ва Францияга ҳам Россия ичида узоқ масофали Storm Shadow ракеталарни қўллашга рухсат беришларига йўл очади.

Вашингтон, Лондон ва Париждан олинган яшил чироқ Украинага Россия ҳудудига чуқурроқ кириб ҳаво базалари, омборхоналар ва муҳим логистика марказларини нишонга олиш имконини беради.

Сентябрь ойида Россия Президенти Владимир Путин агар Ғарбнинг узоқ масофали ракеталари Россия ҳудудида ишлатилса, бу НАТОнинг Россия билан тўғридан-тўғри урушга кирганини англатишини айтганди.

Уруш бошланганидан бери Украинага энг кўп қурол етказиб берган давлат АҚШ бўлди. Германиянинг Киел институтига кўра, 2022 йил феврали ва 2024 июни орасида америкаликлар Киевга 55,5 миллиард долларлик қурол-аслаҳа етказиб беришган.

Телеграм каналимиз: