Россия: Ё урушга борасан, ё мамлакатингга қайтиб кетасан!

Ҳужжатини Россиянинг қуролланган полициячиси текшираётган мигрант

Сурат манбаси, TASS

  • Author, Олег Болдирев
  • Role, Би-би-си

"Крокус Сити Холл"га ҳужум қилинганидан бери ўтган ярим йил ичида россиялик амалдорлар ва депутатлар меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини чеклаш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди, аммо Россия фуқаролари ва Марказий Осиё давлатларига ҳукуматга қандай меҳнат миграцияси кераклигини тушунтириб бергани йўқ. Миграция йўлида расмий тўсиқлар қўйилмаяпти, бироқ Россияда ҳар бир мигрантнинг ҳаёти тобора ноаниқ бўлиб бормоқда. Кўпчилик учун мамлакатдан чиқариб юборилмасликнинг ягона муқобили ҳарбий хизматга шартнома тузиш бўлиб қолмоқда.

22 март куни кечқурун Дилшод Ҳамроқулов Строгинога навбатдаги буюртма - бир даста гулни етказди. У метро бекатидан чиқиб, автобусга ўтириши керак эди. Бироқ атрофдаги барча кўчалар тирбанд эди - "Строгино" бекати "Крокус Сити Холл" концерт залидан икки километр нарида жойлашган. Дилшод бир неча бекатни пиёда босиб ўтиб, буюртмани топширди.

Алоқадор мавзулар:

Эртаси куни эрталабга келиб у "Крокус"га ҳужумда Тожикистондан келганлар гумон қилинаётганини билиб қолди. Ҳамроқулов ўзбек, аммо Россияда кўп йиллик фаолияти давомида Москвада ҳеч кимни Марказий Осиёдан келган одам қандай паспорт олиб юриши қизиқтирмаслиги, балки терининг ранги ва кўз қийиғи муҳимроқ эканлигини тушуниб етган.

"Ишхонада менга ҳатто бир неча кун уйда ўтиришни, буюртмаларга бормасликни таклиф қилишди. Лекин мен таваккал қилиб, барибир ишга чиқдим," дейди Дилшод. Ўшанда ҳеч қандай кўнгилсизлик юз бермади. Аммо "Крокус"даги фожиадан кейинги дастлабки ҳафталарда полиция уни деярли ҳар куни текшириш учун тўхтатарди. Ҳамроқуловнинг ҳужжатлари жойида эди ва дастлаб омади келди - текшириш паспортни ва рўйхатни кўриб чиқишдан нарига ўтмади.

Шу билан бирга, оддий москваликлар вақти-вақти билан 44 ёшли ўзбекка нисбатан ўз салбий муносабатини кўрсатарди. "Очиғи, ҳамманг келволдиларинг, "Крокус"га ҳужумингиздан кейин ҳаммангни ҳайдаш керак, деб айтишарди, - дейди Ҳамроқулов. - Кўринишидан нормал, ақли жойида одамлар улар, ҳатто менинг ҳеч қандай айбим йўқлигини ҳам қўшиб қўйишади."

Лекин кейинчалик вазият мураккаблашди. "Полициячилар ҳужжатларни текширишади, имо-ишоралар билан пора сўрашади. Мен буни тушунаман, уларга ҳужжатларим жойида эканлигини ва пул тўламаслигимни айтаман. Шунда улар уч соатга ушлаб туришади. Кейин қўйиб юборишади. Агар пул тўланса, эртароқ қўйиб юборишларига ишора қилишади."

2 майда омад бутунлай тарк этди. Ҳамроқуловни текшириш баҳонасида "Пражская" метроси олдида тўхтатишди. Бўлимга олиб кетишмоқчи бўлишди. Дилшод бу ноқонуний эканлигини айтиб, текшириш учун асосларни тушунтириб беришларини сўради. Полициячилар куч билан таҳдид қилишди.

Шундан сўнг уни яна бир бор бўлимга олиб боришди, бу сафар эса тинтиб, "қонуний талабларга бўйсунмагани" ҳақида баённома тузишди ва кечаси жуда сассиқ камерада қолдиришди. Тунда соат бирда бир ходим келиб, тушунтириш хати ёзишни буюрди. Дилшод ёзишдан бош тортди. Эрталаб суд бўлди. "Судда ҳам ҳамма гапни айтдим ва бўлиб ўтган воқеа ноқонуний эканлигини тушунтирдим. Судья енгил жилмайиб, "Мен сизни тушундим," деди."

Бир соатдан сўнг судья 19.3-моддадаги "итоат қилмаслик"ни шартини бузганлик учун 4 минг рубль жарима солиш тўғрисида қарор чиқарди. Полициячилар уни жарима тўлангунга қадар бўлимда қолдиришга уринишди, аммо Дилшод апелляция беришини айтди. Дарвоқе, ариза бермади: юрист унга бунинг учун ҳибсга олиш жараёнининг видеоёзувлари кераклигини тушунтирди - уларни қаердан олиш мумкин?

Ҳамроқуловнинг сўзларига кўра, 4 минг рубль - уй-жой, озиқ-овқат, патент ва йўлкира харажатлари чегириб ташланса, тахминан икки кунлик иш ҳақи. Унинг курьерлик иш куни суткасига 10 соатдан 14 соатгача давом этади.

Ноаниқ рақам

Ёнаётган Крокус Сити Холл биноси

Сурат манбаси, TASS

Сурат тагсўзи, Крокусга ҳужум сўнгги 20 йилда Россияда энг кўп қурбонларга олиб келган ҳужум бўлди

Август ойи охирида Россия Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси биринчи ярим йилликда "хорижий фуқароларни Россиядан чиқариб юбориш" бўйича қарийб 92,8 мингта қарор қабул қилинганини маълум қилди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 53,2 фоиз кўп экан. Бироқ Федерал суд приставлари хизмати статистикаси бошқача рақамни келтиради ва "январь-июнь ойларида 39,5 минг киши чиқариб юборилгани" ҳақида хабар беради.

Миграция соҳасидаги бошқа кўплаб маълумотларда бўлгани каби - келганларнинг аниқ сонидан тортиб, улар содир этган жиноятлар сонигача - депортация рақамларида ҳам аниқлик йўқ. Эҳтимол, фарқ атамаларга боғлиқ бўлиши мумкин: чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорни суд қабул қилади, депортация эса - илгари ноқонуний деб топилганларга нисбатан маъмурий тартиб-таомил (ва буни суд эмас, балки ФХХ ёки ИИВ қилиши мумкин) ёки, аксинча, тезкорлик билан, суд мажлисисиз амалга оширилади.

Статистиканинг ўсиши, биринчи навбатда, "Крокус"га ҳужумдан кейинги ҳафталарда чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорлар билан боғлиқ. Москвадаги суд қарорлари таҳлили шуни кўрсатдики, ёзга келиб, гўёки миграция қонунчилигини бузганлик учун чет эллик мигрантларни чиқариб юбориш тўғрисидаги ишларни конвейер усулида кўриб чиқиш тўхтатилди ва маълумотлар ўртача кўрсаткичларга қайтди.

Қоидабузар хорижликларни чиқариб юборишни назарда тутувчи МЖтКнинг учта моддаси (18.8, 18.10.2 ва 20.25.3) бўйича ишларни рўйхатга олиш статистикаси шуни кўрсатадики, жорий йил уч ёз ойида Москва судларида бундай ишлардаги жавобгарлар сони ўтган йилга қараганда бир оз камроқ бўлган (13124 га қарши 14780). Бироқ бу тенденция ҳамма жойда кузатилмайди - Санкт-Петербургда туман судлари бу ёзда 2023 йилдагига қараганда учдан бир қисмга кўпроқ бундай ишларни кўриб чиққан (5339 га 3799).

Ҳуқуқ ҳимоячиси ва муҳожирлар учун бепул адвокат Валентина Чупикнинг таъкидлашича, ҳатто депортация билан боғлиқ ишларнинг камайишини ҳам мигрантлар оқимининг қисқариши нуқтаи назаридан баҳолаш керак: ишлаётган чет элликлар сонига нисбатан депортация қилинганларнинг улуши ортиб бормоқда.

Унинг айтишича, март ойи охири ва апрель ойи бошларида Москвадаги аэропортларга Марказий Осиё давлатларидан учиб келганларни Россия ҳудудига киритиш оммавий равишда рад этилган. "24-апрелдан 30 апрелгача 292 та рейсдан [Москвага келган] атиги 31 киши Россияга кирган. Қолганларнинг барчаси депортация қилинган," дейди Чупик.

Владимир Путин ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўртасидаги музокаралардан сўнг Россия ички ишлар вазири Колоколцевнинг Душанбега ташрифи бўлди. Ўшандан бери, Чупикнинг айтишича, учинчи чорак бошидаги "Ноқонуний муҳожир" операцияси учун танаффусни ҳисобга олмаганда, чиқариб юбориш ва киришни рад этиш статистикаси нисбатан мувозанатлашган.

"Илгари ҳар бир рейсдан уч киши ўтказилган бўлса, ҳозир 15-20 киши ушлаб қолинмоқда. Соқолли, мўйловсиз эркакларни киритмаяптилар. Ҳижоб кийган аёлларни ҳам ўтказмаяптилар. Жинсидан қатъи назар, Telegram'да исломий гуруҳларга ва арабча номларга обуна бўлган муҳожирларни ҳам киритмаяптилар."

Аммо вазиятнинг нисбий меъёрлашуви ишчи-мигрантларни янги қўлга олишлардан ҳимоя қилмайди. Сентябрь ойида Москва полицияси чет эллик ишчилар яшайдиган ётоқхоналарга икки марта рейд уюштирди. Расмий маълумотларга кўра, қарийб минг киши текширувдан ўтказилган. У ерда қонунбузарлар топилган-топилмагани номаълум - суд статистикасида миграция режими бузилиши ҳақидаги моддалар бўйича ҳеч қандай ўзгаришлар кузатилмади.

"Мени қанақасига депортация қилишингиз мумкин");