Ким кимга керак: Европа Ўзбекистон ва Марказий Осиёга нега қизиқмоқда? Видео
Афғонистондан Украинагача, қазилма бойликлардан транспорт йўлагигача. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё. Томонлар бир-биридан қанчалик манфаатдор?

Сурат манбаси, taqdim
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатлари умуммиқёсда мустаҳкам ўрнатилган. Иттифоқ – ҳудуднинг иккинчи энг йирик савдо ҳамкори. Шу билан бирга, айни ҳудуддаги инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғи Европа Иттифоқидан кириб келади.
Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела бир неча ҳафта олдин ўз Линкедин саҳифасида минтақанинг муҳимлигини таъкидлаб, унинг иқтисодий салоҳиятини алқаган эди:
"Марказий Осиё 340 миллиард евролик иқтисодиётга эга ва у шиддат билан ўсиб боряпти. Ҳудуд билан савдо алоқаларимиз ўсди. Аммо биз буни яна-да ривожлантиришимиз мумкин."
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

Сурат манбаси, taqdim
Сўнгги вақтларга келиб, ўзаро қизиқиш яна-да ортган. Аксар таҳлилчилар бунга Марказий Осиёдаги нодир металлар сабаб деса, яна бир гуруҳ кузатувчилар айни алоқалар ҳудуддаги республикалар учун янги геосиёсий имконият эканлигини айтади.
Самарқанд саммитнинг бугунги геосиёсий тангликлар манзарасида ўтказилганлиги ҳам Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун муҳим манзилга айланганини кўрсатди.
Хусусан, сиёсий таҳлилчи Уэсли Ҳилл айни саммит Марказий Осиё геосиёсатда муҳим бурилиш бўлганини айтади.
"Саммит Брюсселнинг эски одати билан ўтди. Иттифоқ дунёнинг бошқа қисмлари билан коллектив ўлароқ мулоқот қилишни хоҳлайди. Аммо унинг айни ҳаракатлари кўпинча муваффақиятсиз тугайди. Одатда Германия ва Франция каби йирик кўламли давлатларгина бундан манфаатдор бўлади. Бироқ, Марказий Осиё Иттифоқ билан стратегик алоқаларни яна-да мустаҳкамласа, бу Брюсселдан кўра кўпроқ ҳудуд учун манфаатли бўлади", - деди у.
Икки томон ўртасида ҳамкорликнинг бир нечта муҳим қирралари бор. Марказий Осиёнинг геосиёсий жойлашуви ҳамда нодир қазилмаларга бойлиги доимо алқаб келинади.
Бироқ, 5 республиканинг Украинадаги уруш борасида Россия билан муносабатлари ҳамда ҳудуддаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият танқид остида. Ушбу танқидчиларнинг аксари ҳам ғарбий ташкилотлардир.
Markaziy Osiyo 340 milliard yevrolik iqtisodiyotga ega va u shiddat bilan o‘sib boryapti. Hudud bilan savdo aloqalarimiz o‘sdi. Ammo biz buni yana-da rivojlantirishimiz mumkin.
Россиянинг Украинага босқини
Учинчи йилдирки, Россиянинг Украинага босқини ҳануз давом этади. Ушбу мавзуда Ғарбнинг қатъий, Марказий Осиёнинг эса нейтрал позициялари тўқнашади.
Айни масала Самарқанд саммитида кун тартибидаги мавзулардан бири бўлди.
Жаноб Кошта БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоси бўлмиш Россия халқаро қонунларни поймол этгани ҳамда халқаро тизим барқарорлигига путур етказаётганини таъкидлади.
Шунингдек, у Марказий Осиё раҳбарларини Украинада тинчликка эришиш йўлида ҳамкорлик қилишга чақирди.
Президент Мирзиёев бундай чақириқларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Аммо бунинг қанчалик ва қандай шаклда амалиётга кўчиши номаълум.
Украинага ёрдам пакетлари жўнатган Қозоғистондан ташқари ҳудуддаги барча республикалар айни масалада Россия билан нейтрал муносабатларни сақлаб келади.
Бироқ Қозоғистон ҳам февралдаги БМТ Бош Ассамблеясида "Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилишга" чақирган овоз бериш жараёнларида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби бетараф қолган.

Сурат манбаси, taqdim
Уэсли Ҳилл Марказий Осиёнинг айни танлови ҳар томонлама мантиқий эканлигини ва ҳудудда маълум бир миқёсда ўз таъсирини кенгайтиришга интилётган уч томон билан ҳам тенг муносабат ўрната олиш муҳимлигини айтади.
"Албатта, Марказий Осиёнинг Россия ва Хитой таъсиридан мустақил иқтисод қура олиши Брюссель учун муҳим. Аммо на Брюссель, на Вашингтон ҳудудга бир томонни танлаш ва Россия ёки Хитой каби йирик ҳамкорлардан воз кечиш талабини қўя олмайди. Антониу Кошта саммит доирасида бу мавзуга тўхталиб ўтган бўлса-да, бу умумий риторикадан бошқа нарса эмас. "
Ўрта Йўлак ва Хитой
Украинадаги уруш ва Қизил денгиздаги можаролар манзарасида айни транспорт йўлагининг аҳамияти яна-да ошди.
Ушбу йўлак Марказий Осиёдан Каспий денгизи орқали Кавказга, Қора денгиз ва Туркия орқали эса Европа бозорига чиқади.
Сикела бу йўлак ҳақида шундай изоҳ берган: "Ўрта Йўлак Европа ва Осиё ўртасидаги юк ташиш муддатини атиги ўн беш кунга қисқартириши мумкин. Бу эса биз учун анъанавий йўлларга муқобил муҳим вариант дегани."
Баъзи таҳлилчилар, ушбу транспорт йўлагини Хитойнинг "Бир макон – бир йўл" ташаббусига рақобатчи сифатида кўради.
Бироқ, Хитойнинг айни ташаббуси ичидаги қатор лойиҳалар аллақачон амалиётга кўчган. Хусусан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўлининг қурилиши ҳам 2024 йилнинг сўнгида рамзан бошланган эди.
Ўрта Йўлак борасида эса ҳануз чигалликлар ҳамда трансчегаравий қийинчиликларни кўриш мумкин.
Иттифоқ президенти Урсула фон дер Ляйен йўлак қурилиши амалиётга энаётганини ҳамда ҳудуддаги транспорт лойиҳаларида 3 миллиард евро инвестиция қилинганини эълон қилди.

Сурат манбаси, president.uz
Уэсли Ҳилл айни мавзуда ҳам Хитой, ҳам Европанинг мақсадлари ўзаро муштарак эканини айтади. Россиянинг кейинг ҳаракати қандай бўлишини башорат қилиш қийин бўлган бир пайтда Марказий Осиё бу икки томонни бир-бирига боғловчи кўприк вазифасини ўтай олади.
"Бир макон – бир йўл" ва Ўрта Коридор борасидан Европа Иттифоқи ва Хитой рақобатга киришиши қийин. Аксинча, уларнинг ҳар иккиси бундан манфаатдор. Улар бу билан, биринчидан, Рус йўлакларига эҳтиёждан қутилишади. Иккинчидан, эса Марказий Осиё орқали ҳам янги бозор билан, ҳам ўзаро алоқаларда осонроқ боғланишади. Россиянинг минтақага муносабати жуда агрессив. Аммо аниқки, Марказий Осиё Европа ва Хитой билан яқинроқ бўлиб, эҳтимолий рус агрессиясига ҳам қарши туриши мумкин."
Нодир металллар
Марказий Осиё нафақат қулай жойлашувга, балки бой қазилмаларга ҳам эгадир. Йозеф Сикелага кўра, ҳудуд Европа Иттифоқнинг мис, магний ва литий каби нодир металларга бўлган эҳтиёжининг қарийб ярмини қондира олади.
Президент Урсула вон дер Ляйен ҳам айни қазилмаларга алоҳида диққат қаратган. Ҳуддуддаги маъданларни қазиб олишда ўзаро ҳамкорликка чақирган.
"Баъзилар фақатгина эксплутация қилиш ва қазиб олишга қизиқади. Аммо бизнинг қарашимиз бошқача. Биз ҳудуддаги маҳаллий саноатни ривожлантиришда ҳамкор бўлишни истаймиз", - деди Ляйен.
Ляйен ўз нутқида "баъзилар" деганда айни қайси томонларни назарда тутганига аниқлик киритмади. Аммо кузатувчиларга кўра Евро Иттифоқ президенти Россия ва Хитойга ишора қилган.

Сурат манбаси, president.uz
Уэсли Ҳилл Марказий Осиё минераллар борасида Европа Иттифоқи билан муносабат ўрнатиб, хавфсиз маконга айланиши мумкинлигини таъкидлайди.
Унинг фикрича, шу вақтга қадар қазилмалар соҳасида републикалар Хитой ва Россия билан қалин ҳамкорлик қилиб келган, ва айни металлар асосан четда қайта ишланган. "Натижада, бой табиий қазилмаларга қарамасдан, Марказий Осиёда ҳануз маҳаллий саноат ривожланмаган."
"Европа билан эса вазият бошқача. Икки ҳудуд бир-биридан сезиларли масофада жойлашганлиги учун қазилмаларга ишлов бериш жараёнини маҳаллий шароитда қилиш ҳар икки томон учун фойдали. Бунда ҳам маҳаллий ишлаб чиқариш ривожланади, ҳам Марказий Осиё Россия ва Хитойдан фарқли ўлароқ ўз қазилмаларига кўпроқ муҳтож бўлга Европа билан эҳтимолий агрессияларга қарши тура олади," – дейдиУэсли Ҳилл.