Марказий Осиёдан биринчи, собиқ Иттифоқдан учинчи - Ўзбекистон футболчилари тарих яратди. Видео

oyin

Сурат манбаси, Getty Images

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА билан дуранг кечган ўйиндан сўнг гуруҳда иккинчи жамоа бўлиб Жаҳон Чемпионатига йўлланмани қўлга киритиши нуфузли нашрларнинг эътиборини тортди.

BBC Sport ўйин тугаши билан "Ўзбекистон ва Иордания илк маротаба Жаҳон чемпионатига йўлланма" сарлавҳаси остида мақола чоп қилди.

Ўзбекистон ва Иордания ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Шунингдек, Жанубий Корея ҳам мусобақада иштирок этиши аниқ бўлган жамоалар қаторига қўшилди, дейилади унда.

Улар 2026 йили АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган кенгайтирилган — 48 жамоали — Жаҳон чемпионатига йўлланма олган 8-, 9- ва 10-жамоалар бўлди.

Ўзбекистон жаҳон чемпионатида - ҳаммаси энди бошланадими? Умидлар ва хавотирлар нимада? Ушбу видеомизни кўринг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Ушбу чемпионат мезбонлари — АҚШ, Канада ва Мексика — автоматик равишда йўлланма олган. Уларга қўшимча равишда Япония, Янги Зеландия, Эрон ва Аргентина ҳам саралаш босқичидан ўтиб бўлган.

Ўзбекистон БАА билан 0-0 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, кейинроқ Жанубий Корея Ироқни 2-0 ҳисобида мағлуб этиб, ўзининг кетма-кет 11-жаҳон чемпионатига йўл олди. Бу натижа Иорданиянинг Уммон устидан қозонган 3-0 ҳисобидаги ғалабасини тарихий йўлланмага айлантирди.

Жаҳон рейтингида 57-ўринда турган ва 36 миллион аҳолига эга Ўзбекистон мустақил давлат сифатида илк расмий ўйинини 1992 йил июн ойида ўтказган. Икки йил ўтиб, ФИФА уни расман тан олган.

bayram

Сурат манбаси, Getty Images

Ўзбекистон аввалги энг яқин имкониятни 2006 йилги саралашда бой берган. Ўшанда улар Баҳрайнга қарши икки учрашувдан иборат плей-офф ўйинида Осиёдан Конкакаф (Шимолий ва Марказий Америка) минтақаси ғолиби — Тринидад ва Тобагога қарши ўйнаш ҳуқуқи учун курашган.

Ўзбекистон биринчи ўйинни 1-0 ҳисобида ютган, аммо ҳакам хатоси туфайли ФИФА ўйинни қайта ўтказишга қарор қилган ва оқибатда ўзбеклар сафар голлари ҳисоби бўйича мағлуб бўлган.

Шунга қарамай, Ўзбекистон 1996 йилдан буён ҳар бир Осиё Кубогига йўл олган ва 2004 йилдан бери ҳар гал плей-офф босқичигача етиб борган. Жумладан, 2011 йилда ярим финалга, ўтган йили эса чорак финалгача чиқишга муваффақ бўлган.

BBC Sport хабари остида Bob Kay:

"Ўзбекистон — уларни ҳали сафдан чиқарманг! Улар илк бор Жаҳон чемпионатига йўл олиб тарих яратди. Балки гуруҳ босқичида бизни кутилмаган сюрприз билан ҳайратга солишлари ҳам мумкин", дея изоҳ ёзди.

Американинг New York Times нашри ҳам Ўзбекистоннинг илк маротаба Жаҳон чемпионатига йўлланма олганини сарлавҳага чиқарди.

"Ўзбекистон терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Хусанов 2024 йил январ ойида "Манчестер Сити" жамоасига қўшилди, терма жамоа сардори ва ҳужумчиси Элдор Шомуродов эса Италиянинг "Рома" клубида тўп сурмоқда", деб ёзади нашр.

Нашр Ўзбекистоннинг собиқ Совет иттифоқи давлатлари ичида учинчи бўлиб ЖЧга йўлланма олганига эътибор қаратган.

"Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистон 1991 йили Совет Иттифоқидан мустақилликка эришган ва шу тариқа Жаҳон чемпионатига йўл олган учинчи собиқ Совет республикасига айланди. Ундан олдин Россия ва Украина терма жамоалари финал босқичида иштирок этган".

Ўйиндан сўнг ўйинчиларга телефон қилиб шахсан табриклаган президент Шавкат Мирзиёев ўйинни бутун халқ тик оёда туриб кўрганини айтди.

Ўзининг мурожаатида МирзиёевМарказий Осиёнинг ягона вакили бўлишдек юксак шарафни хис қилиб ўйнашга чақирган.

"Сизлар футбол майдонларидаги мана шундай шонли ютуқдан янги куч ва руҳ олиб, келгуси йили АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафни чуқур ҳис этган ҳолда, янада катта жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман", деган Мирзиёев.

Ўйин тугаши билан ФИФА президенти Жанни Инфантино ЎФА вице-президенти Равшан Эрматовга телефон қилиб, жамони ва Ўзбекистон халқини азалий орзу амалга ошгани билан табриклаган.