Ўзга сайёралардаги ҳаёт ва бунинг инсоният учун аҳамияти

- Author, Паллаб Гош
- Role, BBC News
- Twitter,
Баъзи илмий кашфиётлар билимларимизни нафақат кенгайтиради, балки коинотнинг кўлами ва ундаги ўрнимизни кўрсатиш орқали руҳиятимизда ҳам туб ўзгаришлар қилади.
Шундай лаҳзалардан бири космик кема Ернинг тасвирларини биринчи марта юборганда содир бўлган эди. Яна бири, К2-18b деб номланган сайёрада Ердаги содда денгиз организмлари ишлаб чиқарадиган газникига ўхшаш белгилар топилгани ўзга сайёрада ҳаётни кашф этишга бизни янада яқинлаштирди.
Кашфиётни амалга оширган жамоага раҳбарлик қилаётган олим фикрича, ҳақиқий ўзга сайёралик ҳаётни топиш, яъни Коинотда ёлғиз эмаслигимизни аниқлаш имконияти яқинлашмоқда.
"Бу фундаментал савол ва муҳим масала, биз бу саволга жавоб топиш арафасида турибмиз," дейди Кембриж университети Астрономия институти профессори Никку Мадҳусудҳан.
Бироқ, буларнинг барчаси янада кўпроқ саволларни келтириб чиқаради. Жумладан, агар бошқа дунёда ҳаёт топилса, бу бизни биологик тур сифатида қандай ўзгартиради?
Учар ликопчалар ва илмий-фантастик бегона жонзотлар
Аждодларимиз қадимдан осмонда яшовчи жонзотлар ҳақида мифлар тўқишган. XX аср бошларида астрономлар Марс юзасида тўғри чизиқли тузилмаларни кўрганлари ҳақида хабар беришди. Бу энг яқин қўшни сайёраларимиздан бирида ривожланган цивилизация мавжудлиги тўғрисидаги тахминларга олиб келди ва учар ликопчалар ҳамда кичик яшил маҳлуқлар ҳақидаги бой илмий-фантастик маданиятни юзага келтирди.
Бу Ғарб ҳукуматлари коммунизм тарқалишидан қўрқувда яшаётган давр эди. Шу боис, коинотдан келган меҳмонлар кўпинча умид эмас, балки хавф-хатар келтирувчи таҳдид сифатида тасвирланган.
Бироқ, ўнлаб йиллар ўтиб, ўзга дунёдаги ҳаётнинг "ҳозирча энг ишончли далиллари" Марс ёки Венерадан эмас, балки юзлаб триллион километр олисдаги юлдуз атрофида айланаётган сайёрадан топилди.

Сурат манбаси, Reuters
Ўзга сайёрада ҳаёт мавжудлигини ўрганишдаги қийинчиликлардан бири қаерга қарашни аниқлашда.
Яқин вақтгача NASAнинг ҳаёт излаш саъй-ҳаракатлари асосан Марсга қаратилган эди. Аммо бу 1992 йилда Қуёш тизимидан ташқарида бошқа юлдуз атрофида айланувчи биринчи сайёра кашф этилиши билан ўзгара бошлади.
Астрономлар узоқ юлдузлар атрофида бошқа дунёлар ҳам борлигини тахмин қилишган бўлса-да, ўша пайтгача бунинг ҳеч қандай далили йўқ эди. Ўшандан бери Қуёш тизимидан ташқарида 6000 га яқин сайёра кашф этилди.
Уларнинг кўпчилиги Қуёш тизимидаги Юпитер ва Сатурнга ўхшаш "газ гигантлари" деб аталади. Бошқалари ҳаёт учун зарур деб ҳисобланган суюқ сувни сақлаш учун жуда иссиқ ёки жуда совуқдир.
Аммо уларнинг кўпчилиги ҳаёт пайдо бўлиши учун қулай орбитада – астрономлар "Олтин соҳа" деб атайдиган жойда жойлашган. Профессор Мадҳусудҳан фикрича, бизнинг галактикамизда минглаб шундай сайёралар мавжуд бўлиши мумкин.
Катта мақсадли технология
Agar Quyosh tizimining boshqa qismlarida va undan tashqarida hayot mavjudligini bilsak, bu menga taskin berardi.
Экзосайёралар (қуёш тизимидан ташқаридаги сайёралар) кашф этилар экан, олимлар уларнинг атмосферасининг кимёвий таркибини таҳлил қилиш учун асбоблар ишлаб чиқа бошладилар. Уларнинг бу мақсади ҳайратланарли даражада улкан, ҳатто баъзилар уни ҳаддан ташқари жасоратли деб аташарди.
Ғоя шуки, ўша сайёралар атмосферасидан ўтаётган жуда оз миқдордаги юлдуз нури тутиб олинади ва уларда Ерда фақат тирик организмлар ҳосил қиладиган молекулаларнинг кимёвий "излари", яъни биосигнатуралар бор-йўқлиги аниқланади.
Олимлар ердаги ва коинотдаги телескоплар учун шундай асбобларни ишлаб чиқишга эришдилар.
Ўтган ҳафтада К2-18b деб номланган сайёрадаги газни аниқлаган NASAнинг Жеймс Уебб космик телескопи (JWST) ҳозиргача қурилган энг қудратли космик телескопдир. У 2021 йилда ишга туширилган эди.

Сурат манбаси, NASA
Бироқ JWSTнинг ҳам чекланган томонлари бор – у бизнинг сайёрамизга ўхшаш кичик ёки она юлдузларига яқин жойлашган узоқ сайёраларни аниқлай олмайди, чунки юлдуз нури халақит беради. Шу сабабли, NASA 2030 йилларга мўлжалланган Яшаш мумкин бўлган дунёлар обсерваториясини (HWO) режалаштирмоқда. У бизникига ўхшаш сайёраларни аниқлайди ва уларнинг атмосфераларини ўрганади. (Бунга юлдуз нурини камайтирувчи юқори технологияли қуёш экрани ёрдамида эришиш мумкин.)
Шунингдек, шу ўн йиллик охирида Европа жанубий обсерваториясининг (ESO) ўта катта телескопи (ELT) ишга туширилади. У Чили чўлида жойлашган.
Унга диаметри 39 метрли кўзгу ўрнатилган. Шу боис, у ўзидан олдинги телескопларга қараганда сайёралар атмосферасини анча батафсил кўра олади.
Кўпроқ кашфиёт – кўпроқ савол
Бироқ, профессор Мадҳусудҳан икки йил ичида К2-18b атрофидаги биосигнатураларни ҳақиқатан ҳам кашф этганини қатъий тасдиқловчи етарли маълумот тўпланишига умид қилмоқда. Аммо у ўз мақсадига эришган тақдирда ҳам, бу ўзга сайёрада ҳаётнинг кашф этилганини оммавий нишонлашга олиб келмайди.
Бунинг ўрнига, биосигнатура жонсиз моддалар орқали ҳам ҳосил бўлиши мумкинлиги ҳақида яна бир жиддий илмий мунозара бошланади.

Сурат манбаси, Reuters
Шотландиянинг Қироллик астрономи, Эдинбург университети профессори Кетрин Ҳейманснинг айтишича, вақт ўтиши билан кўпроқ атмосфералардан маълумотлар тўплангани ва кимёгарлар биосигнатуралар сабабини бошқача изоҳлай олмагани сари, илмий жамоатчилик аста-секин бошқа сайёраларда ҳаёт мавжудлиги эҳтимолини жиддий қабул қила бошлайди.
"Телескопларда кўпроқ вақт сарфланса, астрономлар бу атмосфераларнинг кимёвий таркибини аниқроқ кўради. Бу аниқ ҳаётми, билмайсиз. Аммо, менимча, қанчалик кўп маълумот тўпланса ва агар буни фақат битта сайёрада эмас, бир қанча турли тизимларда кўрсак, бу бизга кўпроқ ишонч беради."
Бутунжаҳон интернет тармоғи бир қатор майда технологик ютуқлар натижасида пайдо бўлган эди. Аммо одамлар ўша вақтда қандай ўзгариш бўлаётганини пайқашмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Худди шу тарзда, бошқа сайёраларда ҳаёт мавжудлиги борасида қилинаётган янгиликлар ўша вақтда тўлиқ англаб етилмаган бўлиши мумкин.
Кўчма лабораториялари бўлган роботлаштирилган космик кема ёрдамида ўз Қуёш тизимимизда ҳаётни кашф этиш янада аниқроқ кашфиёт бўларди. Бунда ҳар қандай организмни таҳлил қилиш, ҳатто Ерга келтириш ҳам мумкин, бу эса юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай илмий қаршиликларни сезиларли даражада чеклайди.
Сўнгги йилларда турли космик кемалар юборган маълумотлардан сўнг, Қуёш тизимимизда ҳаёт ёки ўтмишдаги ҳаёт мавжудлиги ҳақидаги илмий далиллар кўпайди, шунинг учун унинг белгиларини излаш учун бир нечта миссиялар йўлга чиқмоқда.
Европа космик агентлигининг (ESA) 2028 йилда учирилиши режалаштирилган ExoMars марскезари Марс юзасини ўтмиш ва эҳтимол ҳозирги ҳаёт изларини қидириш учун бурғулайди. Марсдаги оғир шароитни ҳисобга олган ҳолда, тошга айланган ўтмишдаги ҳаёт излари топилиши эҳтимоли кўпроқ.
Хитойнинг "Tianwen-3" миссияси ҳам 2028 йилда учирилиши режалаштирилган бўлиб, у намуналарни тўплаш ва 2031 йилгача Ерга қайтариш учун мўлжалланган. NASA ва ESA ўз космик кемаларини Юпитернинг музли йўлдошларига уларнинг музли юзалари остида сув, эҳтимол улкан океанлар бўлиши мумкинлигини текшириш учун юбормоқда.

Сурат манбаси, NASA/ Reuters
Аммо бу космик кемалар ҳаётнинг ўзини топишга мўлжалланмаган. Аммо бу миссиялар келажакдаги тадқиқотлар учун замин ҳозирлайди, дейди Лондон Империал коллежи профессори Мишел Догерти.
"Бу узоқ ва секин давом этадиган жараён, – дейди у. – Кейинги қарор қўниш аппарати, у қайси табиий йўлдошга бориши ва қаерга қўниши масаласи бўлади.
"Тешиб бўлмайдиган муз қобиғига қўнишни истамайсиз, ҳар ҳолда. Шундай қилиб, бу узоқ, секин ривожланадиган жараён, лекин йўл жуда қизиқарли."
Шунингдек, NASA 2034 йилда Сатурннинг йўлдошларидан бири бўлган Титанга қўниш учун «Ниначи» номли космик кемани юбормоқда. Бу ғаройиб дунё бўлиб, унда кўллар ва углеродга бой кимёвий моддалардан иборат булутлар бор, сайёрани ғалати тўқ сариқ туман билан ўраб олади.
Сув билан бир қаторда бу кимёвий моддалар ҳаёт учун зарур таркибий қисм ҳисобланади.
Профессор Догерти ўз соҳасидаги етакчи сайёрашунос олимлардан бири. У Юпитер ёки Сатурннинг музли ойларидан бирида ҳаёт бор деб ўйлайдими?
"Йўқ бўлса, жуда ҳайрон бўлардим," дейди у.
"Уч нарса керак: иссиқлик манбаи, суюқ сув ва органик (углерод асосидаги) кимёвий моддалар. Агар бизда ушбу учта таркибий қисм бўлса, ҳаётнинг шаклланиши эҳтимоли жуда юқори бўлади."
Инсоннинг хос мақомини камайтириш
Агар оддий ҳаёт шакллари мавжудлиги аниқланса, бу мураккаброқ ҳаёт шакллари ҳам мавжуд бўлиши эҳтимолини оширади.
Проф. Мадҳусудҳаннинг фикрича, агар бу тасдиқланса, содда ҳаёт шакллари галактикада "жуда кенг тарқалган" бўлиши керак. "Лекин ўша содда ҳаётдан мураккаб ҳаётга ўтиш катта қадам ва бу очиқ савол. Бу қадам қандай амалга ошади? Буни қандай шарт-шароитлар бошқаради? Биз буни билмаймиз. Шундан кейин ақлли ҳаётни излаш яна бир катта қадамдир."

Сурат манбаси, NASA
Қироллик Астрономия Жамияти ижрочи директори ўринбосари доктор Роберт Масси бошқа дунёларда ақлли ҳаётнинг пайдо бўлиши содда ҳаёт шаклларига қараганда эҳтимоли анча камроқлигини айтади.
"Ерда ҳаётнинг пайдо бўлишини кузатганимизда, унинг жуда мураккаб жараён эканлигини кўрамиз. Кўп ҳужайрали ҳаётнинг пайдо бўлиши ва кейинчалик хилма-хил ҳаёт шаклларига айланиши учун жуда узоқ вақт талаб этилган.
"Асосий савол шуки, Ерда бу эволюцияга имкон берган ўзига хос қандай хусусият бор эди? Бошқа дунёларда ҳам ҳаёт ривожланиши учун худди биздагидек шароитлар, ўлчам, океанлар ва қуруқликлар керакми ёки ҳаёт ҳар қандай ҳолатда ҳам юзага келавериши мумкинми");