Россия ядровий қурол ишлатиш шартларини қандай ўзгартирди?

Сурат манбаси, EPA
- Author, Павел Аксенов
- Role, Би-би-си Рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси
Путин Россиянинг ядровий доктринасини ўзгартирди. Энди Россия унга оддий қурол билан ҳужум қилганларга нисбатан ҳам ядровий зарба билан жавоб бериш ҳуқуқини маълум қилди. Мутахассислар бу Американинг Украинага ишлатиш учун рухсат берган АТАКМС ракеталари учун бевосита жавоб, демоқда. Путин имзо чеккан ҳужжат Россиянинг рақибига нисбатан атом бомбасидан фойдаланиш имкониятларини кескин кенгайтиради.
“Ядровий тийиб туриш соҳасида Россия Федерациянинг асосий давлат сиёсати” деб номланадиган ҳужжатнинг олдинги таҳрири 2020 йилда тасдиқланганди.
Ўзгартирилган янги доктринада фақат сўнгги банд шундай қолган, бошқа ҳаммаси ўзгарган.
Энг асосий ўзгаришлардан бири – давлатнинг суверенитети ёки ҳудудий яхлитликка жиддий таҳдид бўлган тақдирда Россия ядровий қурол ишлатиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, деган жумла бўлди. Олдин бундай шарт “давлатнинг мавжудлигига таҳдид” билан боғлиқ эди.
Умумий қоидалар
Янги доктринанинг биринчи фарқи "Россия Федерацияси ядровий қуролни фақат тийиб турувчи восита сифатида кўради, ундан фойдаланиш сўнгги ва мажбурий чорадир" деган қоидага тегишли бўлди.
Энди ундан “фақат” сўзи олиб ташланди. Бу ядровий қурол тийиб туришдан бошқа яна янги хусусиятга эга бўлишини англатиши мумкин. Ушбу ўзгартиришга ҳужжатда батафсил таъриф берилмаган.
Ушбу бобдаги иккинчи ўзгартириш доктринага асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни рўйхатдан чиқариб ташлаш, халқаро шартномалар моҳиятини чеклашдир.
Агар илгари доктрина, хусусан, Россия Федерациясининг мудофаа ва қурол назорати соҳасидаги халқаро шартномаларига асосланган бўлса, энди - фақат халқаро шартномалар қолдирилган.
Potensial raqibning Rossiya hududlarini izolyatsiya qilish, shu jumladan, muhim transport aloqalarini to‘sishga harakati yadroviy tiyib turishga asos bo‘ladi.
Коалиция ва иттифоқларга қарши амаллар
"Тийиб туришнинг моҳияти" номли иккинчи боб энг катта ўзгаришларга учради. Бунда доктрина муаллифлари турли коалиция ва иттифоқлар иштирокчиларини умумий жамоавий масъулият билан умумийлаштиришга ҳаракат қилишган.
Россияга коалициядан бирор давлат ҳужум қилса, коалициянинг бошқа аъзолари ҳам жавобгар бўлади. Шунингдек, улардан бири бошқа бир давлатга Россияга ҳужум қилиш учун ҳудуди, денгизи ёки осмонидан фойдаланишга рухсат берса ядровий тийиб туриш объектига айланади.

Сурат манбаси, AFP
Яна бир янги қоидага кўра, “Россияга нисбатан ҳар қандай ядровий қуроли йўқ, аммо ядровий давлат иштирокида ёки қўллаб-қувватлаши билан бирор давлат тажовуз қилса” унга нисбатан ядровий тийиб туриш доктринаси ишга тушади.
Бу Америка ракеталарининг Россия ҳудудларига отилишига берилган рухсат билан бевосита боғлиқ бўлиши мумкин.
Доктринанинг ўзгариши ҳақида илк бор, Владимир Путин сентябрда гапирганди. Ўшанда АҚШ ҳукуматида ATACMS ракеталарини Россияга нисбатан қўллаш учун Украинага рухсат бериш борасида баҳслар бўлаётганди.
Украина рухсатни олгандан сўнг эса Путин янги доктринани имзолади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Хавфлар
Доктринада хавфлар рўйхатини янада кенгайтирилган.
Уларнинг бирида “Ҳарбий структурасини Россия чегерасига яқин олиб келувчи янги ҳарбий иттифоқлар тузиш ёки уларни кенгайтириш” тилга олинган.
Путин мунтазам НАТОнинг шарққа, Россия чегаралари томон кенгайётганига эътироз билдириб келган.
Яна бирида “Потенциал рақибнинг Россия Федерацияси ҳудудларини изоляция қилиш, шу жумладан, муҳим транспорт алоқаларини тўсишга ҳаракат”и ҳам хавф сифатида кўрилади.
Россияда давлат ҳудудидан узилиб қолган ягона минтақа бор. Бу Калининград вилояти.
Бундан ташқари Россия ўзининг ҳудуди деб ҳисобловчи, қўшиб олинган Қрим ҳам Россиянинг асосий ерлари билан кўприк орқали боғланган.
Шунингдек, доктринада Россия чегараси яқинида йирик миқёсда ҳарбий машғулот ўтказиш ҳам хавф сифатида келтирилган.
Қўллаш шартлари
Доктринанинг энг муҳим нуқталаридан бири Россия ядровий қуролни қўллаши мумкин бўлган шарт. Бу қоидалар ушбу шартлар содир бўлганда у автоматик қўлланишини англатмайди. Уларни чоп қилиш орқали Россия қачон ядровий зарба бериши мумкинлиги борасидаги ҳуқуқни ўзида сақлаётганини маълум қилмоқда.
Муҳими, ушбу бўлимнинг умумий қоидаси ўтган сафарги таҳрирда Россия ва унинг иттифоқчиларига ядровий зарба бўлганда ёки давлат мавжудлигини таҳдид остига олувчи ҳар қандай ҳужумга нисбатан ядровий қурол қўллаш ҳақида эди.
Янги доктринада “давлатнинг мавжудлигига таҳдид” жумласи бошқа – “суверенитетга ва (ёки) ҳудудий яхлитликка жиддий таҳдид” деган унча аниқ бўлмаган жумла билан алмаштирилди.
Айрим мутахассислар, Путин сентябр ойидаёқ гапирган янги қоидалар фақат ядро қуролидан фойдаланиш шартларини аниқлаб беришини айтади. Улардан фойдаланиш сабаблари эса ўзгармайди.