Ўзбекистон ва Толибон муносабатлари: 100 дан ошиқ ўзбекистонлик тадбиркор Кобулда 30 дан ортиқ шартнома имзолади

Сурат манбаси, расмий
Толибон вазири Ўзбекистон Афғонистонни сўзда эмас, балки амалда қўллаб-қувватлаётгани ўта муҳимлигини айтди. Кобулда ўзбекистонлик тадбиркорлар 50 миллион долларлик шартнома имзолаб қайтди.
Ўтган якшанба куни Кобулда Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида бизнес мулоқот анжумани бўлиб ўтди ва унда умумий қиймати 50 миллион долларга тенг бўлган 30 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Afghan Voice агентлиги ҳамда tolonews.com нашрлари хабар берди.
Афғонистон Саноат ва савдо вазирлиги умумий қиймати 45–50 миллион долларга баҳоланаётган бу келишувлар Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўлида муҳим қадам экани таъкидлаган.
Расмий хабарда айтилишича бизнес анжуманда 105 та Ўзбекистон ширкати иштирок этган ва бу ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Афғонистон билан савдо алоқаларини кенгайтиришга бўлган катта қизиқишини кўрсатади.
"Ўзбекистон нафақат гап-сўз ва анжуманлар билан, балки амалий ҳамкорлик орқали ҳам Ислом Амирлигини қўллаб-қувватламоқда. Бу жуда муҳим", дея Афғонистон Саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Аҳмадулло Зоҳиддан иқтибос келтиради tolonews.com.
Нашрга гапирган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Дарон Ваҳобов Кобул ва Тошкент ўртасидаги баъзи тўсиқларни тан олган, аммо уларни енгишга умид билдирган.
"Учрашув натижалари 10-15 кун ичида аниқ келишув ва шартномалар билан якунланишига ишонаман. Айни пайтда тўқимачилик, қурилиш ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳалари бўйича лойиҳалар устида ишлаяпмиз", - деган у.
Хабарларда айтилишича, анжуманнинг муҳим жиҳатларидан бири минтақа давлатлари ўртасида Қўшма Савдо-саноат палатасини ташкил этиш таклифининг расман илгари сурилгани бўлган.
"Бу ташаббус тадбиркорлар ва иқтисодий фаоллар томонидан таклиф қилинди ва амалга оширилса, минтақа давлатлари ўртасида савдо ва инвестицияларни енгиллаштириш ва ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши мумкин", деб ёзади avapress.com нашри.
Ташкилотчилар ва иштирокчилар ушбу анжуман ҳамда имзоланган савдо келишувлари минтақа савдоси ва иқтисодий ҳамкорлиги учун истиқболли ҳодиса сифатида баҳолаган.
O‘zbekiston nafaqat gap-so‘z va anjumanlar bilan, balki amaliy hamkorlik orqali ham Islom Amirligini qo‘llab-quvvatlamoqda. Bu juda muhim.
Яқинлашаётган Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатлари
Ўзбекистон ҳукумати Толибон ҳукуматга келишидан олдин Ҳамид Карзай ҳукумати билан ҳам йирик лойиҳалар борасида музокаралар олиб бораётган эди.
Ҳали эски ҳукумат амалда пайтда бўлган бир вақтда Ўзбекистон расмийлари Толибон билан ҳам мулоқотлар олиб борган.
Толибон ҳукуматга келгач бу мулоқотлар янада илиқлашиб, иқтисодий соҳада бир неча йирик лойиҳаларнинг имзоланишига олиб келди.
Ўтган йили Ўзбекистондаги нашрлар Ўзбекистон Афғонистоннинг табиий газини қидириш ва қазиб олиш учун 1 миллиард долларлик инвестиция киритишини хабар қилганди.
Келишувга кўра, номи ошкор қилинмаган Ўзбекистон компанияси биринчи йили Фарёб ва Жаузжон вилоятларидаги "Тўтимайдон" конига 100 миллион доллар, қолган тўққиз йилда эса 900 миллион доллар инвестиция киритиши маълум қилинган. Дастлабки икки йилда қазиб олинган газ сарфи 100 мегаватт газга асосланган электр энергиясини ишлаб чиқаришга йўналтирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон "Афғонистон-Транс" темир йўл лойиҳасини ҳам амалга оширмоқда. У якунлангач, Афғонистон ушбу йўл орқали катта иқтисодий фойда кўриши кутилмоқда.