Германия: Россия фойдасига жосусликда гумонланган одамлар устидан суд бошланди

Сурат манбаси, AFP
Россия ва Германия қўшма фуқаролигига эга бўлган уч киши Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, Мюнхендаги судга олиб келинди. Айбланувчилар Россия разведка хизматларига ишлаш, махфий маълумотларни йиғиш, ҳарбий инфратизилмага ҳужумларни режалаштириш ва темир йўлда қўпорувчилик тайёрлашда айбланмоқда.
Уларнинг иши Мюнхендаги вилоят Олий судида кўрилмоқда. Жараённинг бошланиши ҳақида, хусусан, Guardian ва DW хабар қилишди.
Тергов маълумотларига кўра, айбланувчилар Украина учун мўлжалланган ҳарбий техника ва ўқ-дорилар ҳаракатини кузатган. Бундан ташқари, улар Бавариядаги нефтни қайта ишлаш заводи ва у ердаги Американинг Графенвер ҳарбий ўқув маркази ҳақида маълумот тўплашган.
Spiegel ёзганидек, украиналик ҳарбий хизматчилар ушбу базада Абрамс танкларида машқлардан ўтган.
Ayblanuvchilar Ukraina uchun mo‘ljallangan harbiy texnika va o‘q-dorilar harakatini kuzatgan, Bavariyadagi neftni qayta ishlash zavodi, Amerika bazasi haqida ma’lumot to‘plashgan.
DW хабарига кўра, тергов шунингдек, россияликлар Украинага ҳарбий ёрдам етказилишига тўсқинлик қилиш мақсадида ҳарбий инфратизилма ва темир йўлларга ҳужум уюштиришни режалаштирганини ҳам айтмоқда.
Махфийлик қоидалари туфайли айбланувчиларнинг тўлиқ исм-шарифлари ошкор этилмаяпти. Улар Дитер С. (гуруҳнинг тахминий раҳбари), Александр Ж. ва Алекс Д дея таништирилди.
Дитер С., шунингдек, қўпорувчилик ҳаракатлари орқали Германиянинг Украинага қўллаб-қувватловига путур етказиш фитнасини мувофиқлаштирганликда ҳам айбланмоқда. Александр Ж. ва Алекс Д. эса хорижий разведка хизматларига ишлаш орқали унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаганлик айбларига юз тутишган.
Махсус кучлар Дитер С. ва Александр Ж.ни 2024 йилнинг апрел ойида Байройт (Бавария) шаҳрида қўлга олишган. Ҳибсга олинган вақтда улар мос равишда 39 ва 37 ёшда эди.
Уларнинг ҳибсга олиниши ортидан Германия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Сергей Нечаевни изоҳ бериш учун чақирган.

Сурат манбаси, AFP

Сурат манбаси, AFP
Нечаев, ўз навбатида, Германия Ташқи ишлар вазирлигига ташриф буюргач, Россия томони "қамоққа олинганларга нисбатан қандай жиддий айбловлар қўйилгани, шунингдек, уларнинг Россия давлат тузилмалари билан алоқаларини исботловчи" изоҳларни олмаганини айтди. У Россияга қўйилган айбловларни асоссиз деб атади.
Ўтган йилнинг кузида прокуратура Дитер С.ни Германияда хорижий террорчи ташкилот деб ҳисобланган Донецк Халқ Республикаси ташкилотига аъзоликда айблаган эди.
Тергов маълумотларига кўра, 2014—2016-йилларда Дитер С. россияпараст қуролли гуруҳлар томонида Украина шарқидаги ҳарбий амалиётларда қатнашган. Унга ва унинг шерикларига қўшимча айбловлар, жумладан, жосуслик айбловлари кейинроқ қўйилди.
Федерал прокуратуранинг даъво қилишича, Дитер С. Россия разведка хизматларида 2023 йилнинг кузидан иш бошлаган. Александр Ж. ва Алекс Д. унга 2024 йилнинг март ойидан ёрдам беришни бошлагани тахмин қилинмоқда.
Александр Ж. ва Алекс Д. ўзларига қўйилган баъзи жиноятларни тан олдилар, аммо чет давлат фойдасига жосусликка алоқалари борлигини рад этишди, деди суд матбуот котиби Лоран Лафлер AFP га.
Лафлеур, шунингдек, Дитер С. ўзига қўйилган барча айбловларни рад этишини қўшимча қилди.
Жараён жорий йилнинг охиригача давом этиши кутилмоқда. Жами 40 дан ортиқ суд эшиттирувлари режалаштирилган.