Путин Ғалаба парадини кучайтирилган хавфсизлик ва қисқа муддатли оташкесим шароитида ўтказди

Сурат манбаси, RIA NOVOSTI/EFE
Украинанинг пойтахтга ҳужумларидан бир неча кун ўтиб, Владимир Путин хавфсизлик чоралари кучайтирилган Москвада Ғалаба парадини нишонлади.
Россия армияси, уруш фахрийлари ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ҳамда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари ҳузурида нутқ сўзлаган Путин, Россия Иккинчи жаҳон уруши сабоқларини унутмаслигини таъкидлади.
У ўз нутқида бу тарихий воқеаларни Украинадаги кенг кўламли уруш билан боғлади ва бутун Россия у "махсус ҳарбий операция" деб атаган нарсанинг орқасида турганини айтди. Бу уруш тўртинчи йилдирки давом этмоқда.
Россия ушбу 80 йиллик сана муносабати билан бир томонлама, уч кунлик оташкесим эълон қилди. Украина эса буни "театрлаштирилган шоу" деб атади.
Украина ҳарбийлари 8 майдаги оташкесим эълон қилинганидан бери минглаб ҳужумларга учраганини маълум қилган. Россия эса ўт очмасликка риоя этилаётганини, Украина эса юзлаб марта уни бузганини даъво қилмоқда.
Оташкесим эълон қилинишидан олдин Москва ва Киев ўзаро кучли зарбалар берган. Россиядаги бир неча аэропортларда парвозлар бекор қилинган ва тахминан 60 минг йўловчи украин дрон ҳужумлари оқибатида манзилига ета олмаган.
Москва марказида Ғалаба куни муносабати билан қаттиқ чекловлар жорий этилди.
Путин нутқи ва бир дақиқалик сукутдан олдин, Қуруқлик қўшинлари қўмондони Олег Салюков 11 минг аскарни Қизил майдонга бошлаб кирди. Улар орасида 1500 нафар Украинада жанг қилган ҳарбийлар ҳам бор. Уларни Мудофаа вазири Андрей Белоусов томонидан кўрикдан ўтказди.
Путин "Россия нацизм, русофобия ва антисемитизмга қарши йиқилмас тўсиқ бўлган ва бўлиб қолади", дея таъкидлади. У Украина раҳбариятини бир неча бор асоссиз равишда "нацистлар" деб атаган.
"Ҳақиқат ва адолат биз томонда. Украинадаги урушда қатнашганларни бутун мамлакат, жамият ва халқ қўллаб-қувватлаяпти", ", деди у.
Россиянинг маълум қилишича, ушбу тадбирда 27 давлат раҳбари иштирок этмоқда. Минглаб аскарлар Қизил майдонда юриб ўтишди ва кейин Россия армиясининг сўнгги ҳарбий техникалари намоён этилди.
Хитой раҳбари Си Жинпинг Қизил майдондаги минбарда Путин ёнида ўтирди. У норинж ва қора рангли Георгий лентасини тақиб олганди. Лента Россияда ҳарбий шуҳрат рамзи саналади, аммо бир неча қўшни давлатларда тақиқланган.

Сурат манбаси, president.tj
Москвага ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда "Шараф лентаси" деб тарғиб қилинаётган Ўзбекистон байроғи акс этган лентани таққан ҳолда кўриниш бергани айтилмоқда.
Бироқ парад давомида Мирзиёев кўксида ҳеч нарса тақилмаганини кўриш мумкин.
Қизил майдонда юриб ўтган ҳарбийлар орасида 102 нафар хитойлик, шунингдек, Ветнам ва Монголия ҳарбийлари ҳам бор эди. Унда Ўзбекистон ҳарбийлари ҳам иштирок этиши айтилганди.
Путин учун Си Жинпингнинг иштирокини катта дипломатик ютуқ деб баҳоланмоқда. У Россиянинг Иккинчи жаҳон урушдаги иттифоқчиларини эслаб, "Хитой халқи жасур" эканини таърифлади.
Россия ва Хитой раҳбарлари параддан олдин икки марта музокара ўтказди, Украина урушига оид норасмий суҳбатлар ҳам бўлгани айтилмоқда.
Парадда Россиянинг турли ҳарбий техникалари: Yars ракета тизимлари, танклар ва бронетехникалар намойиш этилди. Кейин олтита Су-25 самолёти Қизил майдон устидан учиб ўтди.
Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ тадбир иштирокчилари хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини айтган ва давлат раҳбарларини Москвага бормасликка чақирганди.
Украина ҳарбий таҳлилчиси ва New Geopolitics Research Network директори Михайло Самус BBC'га айтишича, Украина парад пайти ҳужум қилмаслиги мумкин — бу хорижий раҳбарлар иштирок этишаётгани билан боғлиқ.
Бироқ, агар Украина шундай қарор қилса, Самус бундан ҳарбий нуқтаи назардан ҳеч қандай ҳуқуқий муаммо йўқлигини айтди.
8 май: Зеленский парадга келаётган давлат раҳбарларини хавфдан огоҳлантирди, Илҳом Алиев нега унга бормаяпти? 9 майдан олдин фалажланган Москва аэропортлари

Сурат манбаси, Getty Images
Россия Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 80 йиллигини тантанали кутиб олишга тайёрланаркан, Москва атрофидаги аэропортлар маълум муддат фалажланди. Зеленский давлат раҳбарларини Москвада бошларига келиши мумкин бўлган хавфдан огоҳлантирди. Аввалига Москвага боришини айтган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев кейин фикридан қайтди.
Россия оммавий ахборот воситалари 9 майга яқинлашганда Москвада мобил интернет билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлгани ва аэропортларда хорижий раҳбарларнинг Москвага ташрифлари олдидан рейслар бекор қилинаётгани ҳақида хабар берди.
Мобил интернет ўчиб қолди
7 май куни Москвада мобил интернет ўчиб қолди.
"Москвада Ғалаба байрами кунларида мобил интернетнинг чекланиши хавфли қўшничилик билан боғлиқ, буни тушуниш керак", деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Украинага ишора қилиб.
7 май куни Москвада Ғалаба парадининг умумий репетицияси ўтди.
Россия мобил операторлари ва мессенжерларининг ишидаги муаммолар 5 майда бошланган. Шикоятларнинг асосий қисми Москвадан келган, чунки ўша куни Ғалаба парадининг ҳаво қисми репетицияси ўтказилган.
Огоҳлантириш ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш давлат тизими Мобил алоқа билан боғлиқ муаммолар "байрам тадбирлари хавфсизлигини таъминлаш" билан боғлиқ эканлигини айтди. Хукуматнинг эслатишича, бу муаммолар 9 майгача давом этиши мумкин.
РБК хабарида мобил интернетнинг Москвада ишлаши чекланганлиги банк терминаллари ва банкоматларининг ишида муаммоларга сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилади.
Аэропортлардаги фалажлик
7 май куни Россия авиакомпаниялари аэропортлардаги фалажлик сабаб 100 дан ортиқ рейсни бекор қилишгани ҳақида "Контекст" Телеграм-канали хабар қилди.
"Аэрофлот" ва унга қарашли ширкат "Россия" Москвадан 52 парвозни бекор қилди, яна пойтахтга учаётган 54 рейс бекор қилинди, 140 парвоз кечиктирилди. "Победа" авиакомпанияси ҳам рейсларнинг бир қисмини бекор қилишини маълум қилди.
S7 авиакомпанияси "Домодедово" аэропортида парвозларнинг бир қисмини бекор қилишини эълон қилди, баъзи рейслар бошқа аэродромларга йўналтирилди.
Петербургдаги "Пулково" аэропортида 70 дан ортиқ рейсларни йўналтириш натижасида йўловчиларни самолётлардан тушириш учун навбатлар пайдо бўлган.
8 май кунига келиб айрим аэропортлар фаолиятини қайта бошлаган.
30 дан ортиқ президентлар келади
Biz Rossiya Federatsiyasi hududida sodir bo‘ladigan voqealar uchun javobgar emasmiz. Xavfsizligingizni ular ta’minlaydi va shu sababli biz sizlarga hech qanday kafolat berolmaymiz.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Ғалабанинг 80 йиллиги байрами тадбирларида иштирок этиш учун Москвага 30 дан ортиқ давлат раҳбарлари келади.
Улар орасида: Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Буркина-Фасо, Венесуэла, Ветнам, Гвинея-Бисау, Миср, Зимбабве, Хитой, Конго, Куба, Лаос, Монголия, Мянма, Фаластин, Сербия, Словакия, Экваториал Гвинея ва Эфиопия, шунингдек, Грузиядан ажралган Абхазия ва Жанубий Осетия ҳам бор.
Путин уларнинг айримлари билан алоҳида учрашувлар режалаштирган.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев аввалига Москвадаги ғалаба парадида иштирок этишини маълум қилди.
Бироқ байрамга сановли кунлар қолганда унинг Москва сафари қолдирилгани хабар қилинди.
Хабарларда Алиев гўёки 10 майда нишонланадиган марҳум отаси Ҳайдар Алиевнинг туғилган куни учун Москвага боролмаслиги айтилган.
Сиёсатшунос Аркадий Дубнов Илҳом Алиев Москвага боришдан бош тортишини "мисли кўрилмаган ҳодиса" деб тарифлади. Дубновнинг таъкидлашича, Илҳом Алиев бу кутилмаган қарори билан нафақат Путинни хафа қилди, балки бир неча кун олдин Бокуга ташриф буюриб Илҳом Алиевни мақтаб кетган Бутун Рус Патриархи Кириллни ҳам инкор қилган.
9 майда Москвадаги Ғалаба парадида 13 давлатнинг ҳарбийлари қатнашиши кутилмоқда.
Унда Ўзбекистон ҳарбийлари иштирок этиши хабар қилинган.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги шу кунларда қилган баёнотида "хорижий ҳарбийларнинг мазкур тадбирда иштирок этиши Украина томонидан нацизм устидан қозонилган ғалаба хотирасига, мамлакатимизни ва бутун Европани нацизмдан озод қилган миллионлаб украин жангчиларининг хотирасига нисбатан ҳақорат деб баҳоланади", деди.
Украина президенти Володимир Зеленский олдинроқ журналистлар билан суҳбатда хорижий етакчиларга 9 май куни Москвага келишни тавсия қилмаслигини айтганди. Бу баёнот Россия томонидан улар хавфсизлигига таҳдид деб қабул қилинди.
Зеленский сўзма-сўз шундай деди: "Биз 9 май куни борган ёки боришни режалаштираётган барча давлатларга нисбатан ўз позициямизни жуда оддий тарзда баён қилдик. Биз Россия Федерацияси ҳудудида содир бўладиган воқеалар учун жавобгар эмасмиз. Хавфсизлигингизни улар таъминлайди ва шу сабабли биз сизларга ҳеч қандай кафолат бера олмаймиз. Чунки биз Россия бу кунларда нима қилишини билмаймиз. Улар ҳар хил ҳаракатларга, масалан, ёнғин чиқариш, портлашлар ва ҳоказоларга қодир. Кейин эса буни бизнинг зиммамизга юклаши мумкин. Мен президент сифатида ва Ташқи ишлар вазирига ҳам шундай деб айтдим: бизга мурожаат қилганларга, хавфсизлик нуқтаи назаридан, Россия Федерациясига ташриф буюришни тавсия қилмаймиз, деб айтмоғимиз керак"