Франция нега Исломдан қўрқяпти? Ҳукумат ўз сафига исломчилар ўрнашаётганидан огоҳлантирди

Париж Жомеъ масжидидаги ваъз

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Париж Жомеъ масжидидаги ваъз

Исломчилар Франциянинг республика муассасаларига хуфёна кириб олиб, миллий уйғунликка таҳдид солмоқда, дейилади Президент Эммануэл Макронга чоршанба куни тақдим қилинган ҳисоботда.

Икки юқори даражали ҳукумат хизматчиси томонидан ёзилган ҳисоботда «Мусулмон биродарлар» ўз аъзоларини мактаблар ва маҳаллий ҳокимликлар каби жамоатчилик муассасаларига киритиш сиёсатини олиб бораётганига далил-исбот борлиги даъво қилинади.

Хавфсизлик раҳбарлари билан мажлиси ортидан, Макрон ушбу ҳисобот хулосалари жиддийлиги сабаб, ўз ҳукуматидан "янги тавсиялар"ни тақдим қилишни сўради.

Дунёвийлик Франция миллий ўзлигининг асосида ётувчи ақидадир.

Франция ҳукуматининг аноним гапирган бир аъзосига кўра, «янги феномен – энтризм» юзага келган ва бу сепаратизмдан фарқли. (Entrer француз тилида «кириш»ни англатади.)

Сепаратизм мусулмонларнинг Францияда параллел жамиятда яшашларини англатса, «энтризм республика инфратизилмасига жалб бўлишни англатади… мақсад – уни ичидан ўзгартириш. Бунинг учун айёрлик талаб қилинади… ва у пастдан юқорига қараб ишлайди", - дейди расмий.

Fransiyalik musulmon
Reuters
[FMF] mahalliy hokimliklar bilan aloqalarni yo‘lga qo‘yadi. Niqob, soqol, ko‘ylak, ro‘za tutish kabi ijtimoiy normalar bosqichma-bosqich o'rnatiladi.
Fransiya hukumati hisoboti
bbc.com/uzbek

Le Figaro газетасида чоп қилинган ҳисоботда 100 йил аввал Исломий қадриятларни тарғиб қилиш учун тузилган "Мусулмон биродарлар" тарихий ташкилотининг Франциядаги асосий вакили дея "Франция мусулмонлари федерацияси" (ФМФ) кўрсатилган.

Муаллифларга кўра. ФМФ Францияда 139 та масжидларни назорат қилади ва яна 68 тасига алоқадор. Бу мамлакатдаги масжидлар сонининг 7 фоизига тенг. Ташкилот, шунингдек, спорт, таълим, хайрия ва бошқа соҳаларда 280 та уюшмага, ҳамда 21 та мактабга бошчилик қилади.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

ФМФ га асос солинганида, унинг мақсади Франциядаги «мусулмонларнинг туғилганидан вафотигача ҳаётларини тизимлаштириш» ҳаракатини маҳаллий даражада йўлга қўйиш бўлган.

[ФМФ нинг] ашаддий активистлар бўлган расмийлари маҳаллий ҳокимликлар билан алоқаларни йўлга қўядилар… Ниқоб, соқол, кўйлак, рўза тутиш каби ижтимоий нормалар босқичма-босқич юкланиб боради ва экотизим ўрнатилади», дейилади ҳисоботда.

«Сўнг диний талаблар қаттиққўллашади, кўпроқ қизлар абайя (узун кўйлак) кияди, ҳижоб ўраган ёш қизлар сони ўта катта ва кўзга кўринарли кўламда ошади. Бу қизларнинг баъзилари 5 ё 6 ёшда.»

Франция мусулмонлари федерацияси ўзларини "хорижий сиёсий дастур ёки энтризм стратегияси»га алоқадор деб кўрувчи ҳар қандай айбовларни ғазаб билан рад этти.

Макрон ўз вазирлар маҳкамасига ушбу ҳисобот асосида тавсия ва таклифлар билан чиқишни буюрди.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Макрон ўз вазирлар маҳкамасига ушбу ҳисобот асосида тавсия ва таклифлар билан чиқишни буюрди.

"Исломни сиёсий Исломизм ва радикаллик деб тушунишнинг ўзи нафақат хавфли, балки Республика қадриятларига тескари. Бу асоссиз айбловлар ортида Исломни ва мусулмонларни қора отлиқ қилиш режаси ётибди», - деди ФМФ.

Барча динларни давлатдан ажратишни назарда тутувчи Франция дунёвий қонунларининг тарафдорлари ҳисоботни қўллаб чиқишди.

Якшанба куни анъанадор Les Républicains (Республикачилар) партиясига раҳбар этиб сайланган Франция Ички ишлар вазири Бруно Ретайо «Бутун француз жамиятини шариат қонунларига бўйсундиришни мақсад қилувчи радар остидаги Исломизм муассасалари» хавфидан огоҳлантирди.

Алоқадор мақолалар

Францияда келгуси йил маҳаллий сайловлар бўлиб ўтиши кутилади, қаттиққўл сиёсатчи дея ном олган Ретайо бу сайловларда Исломий номзодлар рўйхати бўлишидан хавотирда эканини айтди.

Ўта-сўнгчилар раҳбари Жан-Лук Меленшонга кўра эса, «Исломофобия ҳаддидан ошиб кетти». У президентнинг хавфсизлик расмийларини Ретайо ва "Миллий Ралли" лидери Марин Ле Пеннинг «ҳаёлпараст назариялари»ни ўзларига қабул қилишда айблади.

Франциянинг 10 вилояти ва Европанинг тўртта давлати бўйлаб ўз тадқиқотларини олиб борган ҳисобот муаллифлари хулоса қилишича, «Мусулмон биродарлар» Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада ўз таъсирини йўқотаётгани туфайли, Туркия ва Қатар молияси билан Европани нишонга олмоқда.

"Европада қаттиқ ўрнашиб олиш учун ўз мафкурасига Ғарбона имиж бериб, [Мусулмон биродарлар] яширинча қўпорувчи фундаментализм билан Яқин Шарқ анъаналарини тарқатади», дейилади хулосада.