Семизлик Ўзбекистонга миллиардлаб доллар зарар келтириши мумкин

Тошкент кўчасида бораётган семиз эркак

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK

Сурат тагсўзи, Тадқиқотларга кўра, деярли ҳар 4 та ўзбекистонликнинг биттаси ҳаддан ортиқ семиз.

Аҳоли орасидаги семизлик Ўзбекистон иқтисоди учун миллардлаб доллар зарар етказиши мумкин. Шу билан бирга, у кўплаб инсонларнинг соғлигини хавф остига қўювчи омил сифатида ҳам кўрилмоқда.

Тадқиқотларга кўра, деярли ҳар тўрт ўзбекистонликнинг битри ҳаддан ортиқ семиз. Аҳолининг қарийб ярми жисмоний фаол эмас.

Ўзбекистон ва семизлик мавзуси сўнгги вақтларда шу қадар яқинлашганки, Франциядаги Монтпеллиер бизнес мактаби давлатдаги коррупция кўламини амалдорларнинг семизлигига қараб аниқлаш мумкин, деган хулосага келган.

Бир неча йиллардан буён ўсиб келаётган айни тренд, агар тўхтатилмаса, кейинги 10 йилликларда яна-да ёмонлашиши мумкин деб кўрилади. Бу Ўзбекистон учун миллиардлаб долларга тушиши мумкин.

Сабаби, семизлик – фақатгина ортиқча вазн эмас. У саратон ва қандли диабет каби касалликлар кўпайишини, уларга қарши курашиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш учун давлат бюджетидан қўшимча маблағ сарфлаш заруратини ҳам англатади.

Муаммо аллақачон ҳукумат эътиборига тушган. Аммо таклиф этилаётган ечимлардан умид борми?

Алоқадор мавзулар

Коррупция вазни

Президент Мирзиёев шу йил 13 февралдаги ҳукумат мажлисида аҳоли орасидаги ортиқча вазнлилик масаласига алоҳида тўхталди.

Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг семизлик ҳақида биринчи марта гапириши эмас.

Давлат раҳбари 2020 йили Ўзбекистон амалдорлари орасидаги семизликка эътибор қаратганди.

Мақсад иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта раҳбар ва барча ходимлар жисмоний тарбия билан шуғулланишини таъминлаш бўлган.

Ташаббус аввалига жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларни бошлаб берди. Кейинчалик нима бўлгани номаълум. Бугунга келиб унинг ҳануз давом этаётгани ёки тўхтатилгани хусусида очиқ маълумот мавжуд эмас.

Табиийки, ортиқча вазн муаммоси инсонларнинг мансаб ваколатига алоқадор эмас. Бу ҳар бир кишининг жисмоний фаоллиги, овқатланиш режими ва кун тартиби каби турли сабабларга боғлиқ.

Бироқ, ўзбекистонлик амалдорларнинг вазни юзасидан муҳокамали назария бор.

Франциядаги Монтпеллиер бизнес мактаби 2020 йилда ўтказган тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда амалдорларнинг вазни ва коррупция даражаси ўртасида ижобий боғлиқлик борлиги аниқланган.

Ушбу тадқиқот хулосасига кўра, амалдорлар қанча семиз бўлса, мамлакатдаги коррупция даражаси шунча юқори бўлади.

Тадқиқот собиқ Совет давлатларига эътибор қаратган. Бунда энг ёмон кўрсаткичлар Ўзбекистонда кузатилган. 24 вазирнинг 13 таси (тахминан 54 фоизи) ҳаддан ортиқ семиз бўлган. Улар орасида ўртачадан паст вазнлилар (озғин) топилмаган. Ўзбекистондаги атиги бир вазирнинг соғлом вазнга эга эканлиги аниқланган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, president.uz

Сурат тагсўзи, Давлат раҳбари 2020 йили Ўзбекистон амалдорлари орасидаги семизликка эътибор қаратганди.

Гўшт-ёғ кўп ейиляптими?

Ортиқча вазн ва семизлик ҳақида гапирилганда, ўзбек ошхонаси доимий муҳокама марказида бўлган. Кундалик миллий таомларда ёғ миқдори баландлиги айтилади.

Мамлакатда гўшт истеъмоли юқори эканлиги бир неча маротаба таъкидланган.

Шу билан бирга, аҳоли орасида тайёр таомлар истеъмоли ошган. Тошкент каби йирик шаҳарларда фаст фуд ресторанларини деярли ҳар қадамда учратиш мумкин.

"Ўзбек миллий таомлари орасида ҳазм қилишга оғир бўлган таомлар кўп. Аммо бу бутун ўзбек ошхонасини англатмайди. Кўпчилик семизликни фақат ёғли ва калорияга бой миллий таомларга боғлайди. Албатта, палов, сомса, манти каби овқатлар юқори калорияли бўлиши мумкин, лекин семизликнинг ягона сабаби эмас," дейди эндокринолог Муҳаббат Аҳмедова.

Муҳаббат Аҳмедова қарийб ўттиз йилдан бери семизликдан азият чеккан беморлар билан ишлайди. У сўнгги вақтларда семизликдан шикоят қилувчи беморларнинг аксарини ёшлар ташкил қилаётганини айтади.

Аҳмедовага кўра, аҳолининг шакар истеъмол қилишида фавқулодда ўсиш кузатилган. Айниқса ёшлар орасида шакарли маҳсулотлар оммалашиб бормоқда.

"Шакар семизликнинг энг хавфли омилларидан биридир. Айниқса, газланган ичимликлар, ширинликлар ва қайта ишланган маҳсулотлар таркибидаги яширин шакар моддалар алмашинувини бузади. Ёғ тўпланишига олиб келади. Қандли диабет хавфини оширади," дея таъкидлайди у.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ҳукумат айни муаммони эътибордан четда қолдирмаган. Шакар истеъмолининг ўсиши парламентда бир неча маротаба муҳокамага қўйилган. Чекловлар ва тарғиботлар бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган.

2024 йил апрелига келиб, шакарли ичимликлар учун қўшимча акциз солиғи ҳам жорий этилган.

Бироқ, ушбу қонун лойиҳаларининг таъсири қанчалик ижобий бўлганини аниқлаш қийин. Президент Мирзиёев нутқида келтирган маълумотларда шакар истеъмоли ҳануз ошаётганини кўриш мумкин.

"Аҳоли ўртасида бошоқли, донли маҳсулот, мева-сабзавотлар истеъмоли кескин камайиб, туз ва шакар истеъмоли ортиб бораётгани хавотирларни янада кучайтиради. Оқибатда одамларнинг 56 фоизида ортиқча вазн, 38 фоизида қон босими билан боғлиқ муаммо бор", деди Президент Мирзиёев.

Кам ҳаракат

Мутахассислар ўзбекистонликлар орасида жисмоний фаоллик кескин камаяётганини таъкидлайдилар.

"Бугунги кунда кўплаб одамлар кун бўйи ўтирган ҳолда ишлайдилар, компютер олдида кўп вақт ўтказадилар, натижада кам ҳаракат қилиш одати пайдо бўлади. Бу эса ёғларнинг организмда ортиқча тўпланишига ва семизликка олиб келади".

"Айниқса, шакар ва юқори калорияли маҳсулотларни истеъмол қилган ҳолда кам ҳаракат қилиш семизликни яна-да тезлаштиради", дейди эндокринолог Аҳмедова.

Ўзбекистонда 2023 йилда 26 фоиз одам етарлича жисмоний фаол бўлмаган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилга келиб 44 фоизга етган.

BBC.COM/UZBEK
O‘zbekistonliklar orasida jismoniy faollik susaymoqda

O‘zbekistonda 2023 yilda 26 foiz odam yetarlicha jismoniy faol bo‘lmagan bo‘lsa, bu ko‘rsatkich 2025 yilga kelib 44 foizga yetgan.

  • Oqibatda,Yuqori kaloriyali mahsulotlarni iste’mol qilgan holda kam harakat qilish semizlikni yana-da tezlashtiradi.

    Source: Prezident matbuot xizmati

    Президент Мирзиёев ҳам аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш бўйича бир нечта таклифларни илгари сурган.

    "Мутасаддиларга соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тарғиботи билан ҳар бир оилани қамраб олиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу йўналишда халқчил ва таъсирчан ижтимоий роликлар тайёрлаб, ҳар куни марказий телеканалларда намойиш этиш лозимлиги таъкидланди", дейилади Президент матбуот хизматининг 13 февралдаги хабарида.

    Шунингдек, давлат раҳбари "Соғлом инсон – соғлом миллат" умуммиллий ҳаракатини бошлашга чақирган.

    Мазмунан ушбу ташаббус 2023 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан илгари сурилган "Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи" умуммиллий ҳаракатига ўхшаш.

    Айни ҳаракат 2 йил давомида қанчалик оммалашгани ва натижа кўрсатгани номаълум. Жумладан, президент илгари сурган лойиҳанинг қачон йўлга қўйилиши ва қанчалик кенг қамровда бўлиши ҳали аниқ эмас.

    Очиқ маълумотларда аҳоли орасида жисмоний фаоллик сўнгги икки йил ичида қарийб икки баравар камайганини кўриш мумкин.

    Семизликнинг баҳоси

    Ўзбекистонда тахминан 20 млн аҳоли ортиқча вазнга эга. Статистика айни вазият йилдан-йилга ёмонлашиб борётганини кўрсатади.

    Мутахассислар бу ҳолат мамлакатнинг умум манфаатларида акс-садо беришини таъкидлашади.

    "Семизлик даражасининг юқорилаб бориши Ўзбекистон учун катта иқтисодий йўқотишларни ҳам англатади", дейди иқтисодчи Валижон Тўрақулов.

    Ўрганишларга кўра, 2060 йилга бориб семириш ва ортиқча вазн муаммоси Ўзбекистон иқтисодиётига $21,6 млрд зарар келтириши мумкин. Бу тахминан мамлакатдаги ЯИМнинг 4,7% деганидир.

    Valijon To'raqulov
    BBC.COM/UZBEK
    Semiz insonlarning kasallikka chalinish ehtimoli yuqori. O‘z-o‘zidan bu ortiqcha xarajatlarni anglatadi. Ayni mablag‘ boshqa foydali narsa uchun sarflanishi mumkin edi.
    Valijon To‘raqulov
    Iqtisodchi

    Тана вазнининг ошиши юрак-қон томир касалликлари, диабет, таянч-ҳаракат тизими касалликлари ва саратон каби юқумли бўлмаган касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Бу ҳам фуқаролар учун, ҳам давлат учун тиббиёт соҳасида ошадиган харажатларни англатади.

    "Семиз инсонларнинг касалликка чалиниш эҳтимоли юқори. Ўз-ўзидан бу ортиқча харажатларни англатади. Айни маблағ бошқа фойдали нарса учун сарфланиши мумкин эди. Бунинг натижасида давлат бюджети зарар кўради. Ҳукумат самарали лойиҳалар учун инвестиция қилиши мумкин бўлган маблағни айни лойиҳалар учун эмас, соғлиқни сақлаш тизими учун сарфлашга мажбур бўлади", дейди Тўрақулов.

    ЖССТ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда тана массаси индекси ҳозирда ҳар квадрат метрга 26,5 кгни ташкил этади. Бу эса минтақадаги энг юқори кўрсаткичдир.

    Ортиқча вазнлиликнинг оқибатлари биргина соғлиқни сақлаш соҳасида намоён бўлмайди. Иқтисодчи Тўрақулов семизлик ишлаб чиқаришдаги самарадорликка ҳам ўз таъсирини ўтказади, деган фикрда.

    "Ортиқча вазнли ишчилар сони қанчалик кўп бўлса, ишлаб чиқариш ва умуман кичик корхоналардаги самарадорлик ҳам пасайишни бошлайди. Семиз инсон тез чарчайди. Унга кўпроқ бўш вақт ва дам олиш зарур бўлади".

    "Бу катта масштабда кўринмаслиги мумкин, аммо кичик бизнес эгаларида сезиларли даражада хавотир уйғотади. Натижа ўз-ўзидан давлат иқтисодига ҳам таъсир қилади", дейди у.

    Семизликнинг айни бир сабабини кўрсатиш қийин бўлгани каби унинг оқибатларини ҳам батафсил ўлчаш мушкул жараён. Аммо мавжуд ўрганиш ва тахминларга таянилса, айни ҳолат давлат учун жиддий муаммо эканлигини кўриш мумкин.

    Ўзбекистонда аҳолининг ярмидан кўпи ортиқча вазнга эга ва бу тренд юқорилашда давом этмоқда. Шу пайтгача қилинган лойиҳа ва ҳаракатларнинг қанчалик иш бергани номаълум.

    Айни вазиятда мамлакат ортиқча вазн муаммосини қандай ҳал қила олиши эса ҳануз савол остида қолади.