Ўзбекистон: Болага динни ўргатиш жиноятми?

Сурат манбаси, Getty Images/Hans Neleman
Ўзбекистонда болаларга диний таълим бериш жазоси янада оғирлаштирилди. Олий мажлис депутатлари кўплаб одамларнинг ҳаётига таъсир қилиши мумкин бўлган ушбу ўзгартиришни "кичкина битта модда" деб, бир кунда қабул қилиб юборишди.
13 май куни Олий мажлис қонунчилик палатасида қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, 18 ёшга тўлмаган шахсларга диний таълим берган жисмоний ва юридик шахслар энди тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Амалдаги қонун бўйича бу каби шахслар аввал маъмурий жавобгарликка тортиларди. Янги қонун кучга киргач, бу тартиб ўзгаради.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати сўнгги йилларда қонунга зид равишда диний таълим бериш ҳоллари кўпайгани билан изоҳланган.
"Сўнгги йилларда болаларнинг қонунга хилоф равишда диний таълим олишлари кўпайиб бораётгани, аксарият ҳолларда ҳеч қандай хат-ҳужжати йўқ, рўйхатдан ўтмаган норасмий "марказлар ва ташкилотлар" ва умуман диний-маълумоти бўлмаган шахслар ихтиёрига болалар топширилиб келинмоқда", дейди лойиҳа ташаббускори, депутат Абдулло Аслонов.
Янги ўзгартириш болаларга диний таълим берган шахсни тўғридан тўғри 3 йилгача қамашга ҳуқуқий йўл очади.
Бироқ депутат Сайдулло Азимов маъмурий жавобгарликка тортилмасдан тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортишни юмшоқ, деди ва жазони янада оғирлаштириш таклифини олдинга сурди.
"Шу ўринда таклифим бор эди, агар қўмита қабул қилса, мана шу мажбурий ишлар 360 соатдан 480 соатгача, ахлоқ тузатиш ишларини 1 йилдан 3 йилгача, деб белгилаш ҳамда озодликдан маҳрум қилишни жазосини ҳам 1 йилдан 3 йилгача деб белгиласак, биринчи қисмга нисбатан оғирроқ бўларди ва жиноят кодексининг конструкцияси бузилмаган бўларди", дейди Сайдулло Азимов.

Сурат манбаси, https://parliament.gov.uz/
Аммо "Миллий тикланиш" партиясидан депутат тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортиш таклифига қарши чиқди.
"Бирдан жиноятга ўтказиш, билмадим қанчалик тўғри бўлади. Умуман ижтимоий аҳамиятдан келиб чиқиб, жазо бериш принципига суяниш керак, бу ерда адашмасам. Чунки биринчи маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, унинг такрори содир этилса, уни ўйлаб кўрса бўлади. Лекин мен бермоқчи бўлган таклиф, ўша ноқонуний диний таълимнинг ичида терроризм ёки ақидапарастлик, зўравонлик ёки радикал фикрлар таълимнинг ичида қўлланилган бўлса, майли уни жиноий бирдан жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқса бўлади. Ҳозир мен ўйлайманки, ўша маъмурийни ўзи билан чекланишнинг ўзи етарли бўлади", дейди депутат Эшмирза Бекмирзаев.
Hurmatli deputatlar, qoldig‘imizda qonun juda ko‘p, juda kichkina bitta moddadan iborat qonun ekan. Shuni keyingi hafta qilmasdan, ikkinchi o‘qishda ham ko‘rvorsak nima deysizlar?
Бироқ спикер Нуриддин Исмоилов Бекмирзаевнинг аввал маъмурий жазони қўллашни қолдириш эътирозини "бу киши умуман бошқача айтаяпти", деб эътиборсиз қолдирди. Моддани тузишдаги услубий хатони тўғрилаб, ўша ернинг ўзида икки ўқишда қабул қилишни таклиф қилди.
"Ҳурматли депутатлар, қолдиғимизда қонун жуда кўп, жуда кичкина битта моддадан иборат қонун экан. Шуни кейинги ҳафта, кейин қилмасдан, иккинчи ўқишда ҳам кўрворсак нима дейсизлар", деб ўртага таклиф ташлади Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов.
Исмоилов "кичкина битта модда", деб аҳамиятини туширишга ҳаракат қилган модда Жиноят кодексининг 229 прим 2 моддасига киритилаётган ўзгартириш эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш" моддаси амалдаги қонунда шундай келтирилган:
"Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".
Депутатлар модданинг асосан ташаббускорлар томонидан хато ёзилган қисмини муҳокама қилишди. Муҳокамалардан ташаббускорлар "маъмурий жазо қўлланилганидан кейин" деган тушунчани олиб ташлаши керак бўлган. Аммо тақдим қилинган қонун лойиҳасида жумлалар тузилмаси ушбу маънони барибир сақлаб қолган.
Спикернинг ўзи ўша ерда таклиф қилган ўзгартиришлар билан депутатлар ушбу моддани икки ўқишда қабул қилиб юборишди.
Болага қонуний диний таълим берилмайдиган давлат

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Лойиҳа ташаббускори диний таълим масаласида "ноқонуний" сўзини бир неча маротаба ишлатди. Аслида Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлганларга диний таълим беришга қонунан тўсиқ қўйилган.
"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунга кўра, "Диний таълим муассасаларида ўқишга фуқаролар қонунчиликка мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки профессионал таълим олганидан кейин қабул қилинади".
Ўзбекистонда умумий ўрта мактабни ўқувчилар 18 ёшда тугатади. Демак қонун бўйича, бу ёшгача болага рухсат берилган диний таълим муассасасида ўқишга қабул қилиш мумкин эмас.
Фақат ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар болаларига диний "тарбия" бериши мумкин, аммо қонунчиликда ота-онанинг ҳам диний "таълим" бериш ҳуқуқи алоҳида кўрсатилмаган.
Бунгача болаларни диний таълимга жалб қилган ота-оналарни маъмурий жазога тортиш тартиби жорий қилинганди.
Кузатувчиларга кўра, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган йиллари диний масалаларда берилган эркинликлар йиллар ўтган сайин йўқолиб бормоқда.
Айримлар эса ёшларнинг радикаллашиб, турли қуролли гуруҳларга кетишининг олдини олиш учун ҳукумат шундай йўл тутишга мажбур бўлаётганини айтишади.
Буюк Британияда қандай?
Қуролли гуруҳларга қўшилувчилар сони ортгач, Буюк Британияда болаларга диний таълимни тўхтатиш ёки тўлиқ давлат назорати остига ўтказиш таклифлари янгради.
Бироқ Ислом уламолари диний таълимни чеклаш радикализмнинг авж олишига сабабчи бўлишини ва болаларга диний таълим эркин берилиши кераклигини айтиб чиқишди.
Натижада Буюк Британия масжидлари қошида очилган мадрасалар фаолияти тўхтамади.
Британиядаги мактаб ўқувчилар дарсдан сўнг ёки дам олиш кунлари юзлаб масжидлар қошида очилган мадрасаларда диний таълим олишади.
Бу ерда улар Қуръонни ўқишни ўрганишдан тортиб, ёдлаш, фиқҳ ва сийрат дарсларини ўрганишади.
Бир вақтлар Тошкентдаги "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" масжиди имом ноиби бўлиб ишлаган диний олим Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид мусулмонлар динини ўрганиши муҳимлигини таъкидлайди.
Ёшларнинг радикал оқимларга қўшилиб қолишининг асосий сабабларидан бири сифатида уларнинг ўз динини билмаганини айтади.
"Агар биз мусулмонлар динимизни чуқур, тўғри англасак, тафаккуримиз шариатга мувофиқ бўлса, дунёда энг илғор халқ бўлишимиз минг фоиз аниқ. Бугунги таназзул шариатни нотўғри англагандан. Анови тўс-тўполон қилиб юрганларнинг ҳаммаси шариатнинг ш сини ҳам бўлмайди. Ҳеч нарсани билмайди. 4 та ҳадисни ёдлаб олган, одамларни гангитиб, қизиқишда бориб олган", деганди у бундан 3 йил олдин ўтказган очиқ дарсларидан бирида.
Бироқ Ўзбекистонда 18 ёшгача диний таълим олиш қонунан мумкин эмас. Таълим муҳимлигини таъкидлаган дин олими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг масжиддаги дарслари ҳам тўхтаб қолди. Умуман Ўзбекистондаги бошқа масжидлардаги диний дарслар ҳам тўхтатилгани, имомларга ижтимоий тармоқларда диний постлар қўймаслик борасида оғзаки кўрсатма берилгани айтилади.