Трамп ғалабаси дунё учун нимани англатади? - Видео

Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

  • Author, Том Бейтман
  • Role, Би-би-си

Доналд Трампнинг Оқ Уйга қайтиши АҚШ ташқи сиёсатида катта эврилиш ясайди. Дунё бўйлаб айрим ҳудудларда уруш ва мавҳумлик ҳукм сураётган бир пайтда ушбу воқелик халқаро сиёсатда эҳтимолий кескин ўзгаришларни ваъда қилади.

Кўпинча аниқ тафсилотларсиз бўлсада, сайлов кампанияси давомида Трамп аралашмаслик ва савдо ҳимоячилиги тамойилларига асосланган кенг кўламли сиёсий ваъдалар бериб келди — ўз таъбири билан айтганда, Трамп учун “Америка — биринчи ўринда”.

Узоқ йиллардан бери давом этиб келётган параллель инқирозлар фонида Трампнинг ғалабаси Вашингтон ташқи сиёсатида энг муҳим чекинишлар юз беришини англатади.

Унинг турли мавзулар юзасидан ёндашувини сайлов кампаниясидаги чиқишлари ва 2017-2021 йиллардаги фаолияти билан хулосалаш мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Қизиқ: Америка Трамп ва Ҳаррисни қандай сайлади – дастлабки маълумотлари чиқди

Infografika
Infografika
Infografika
Infografika

Россия, Украина ва НАТО

Сайлов кампанияси давомида Трамп бир неча бор Россия ва Украина ўртасидаги урушга “бир кунда” якун ясай олишини таъкидлаган. Қандай қилиб, деган саволларга эса бир келишувга раҳбарлик қилиш орқали дея жавоб берган, холос. Ҳеч маҳал бу борада аниқ тафсилотларни очиқламаган.

Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича икки собиқ раҳбари томонидан май ойида ёзилган тадқиқот ҳужжатида АҚШ Украинага қурол етказиб беришни давом эттириши кераклиги, бироқ бу ёрдамни Россия билан тинчлик музокараларига киришиш шарти билан амалга ошириши лозимлиги таъкидланган.

Россияни рағбатлантириш учун Ғарб Украина NATOга киришини кечиктириши керак. Собиқ маслаҳатчилар Украина Россия томонидан босиб олинган ҳудудларининг ҳаммасини қайтариб олиш умидидан воз кечмаслиги кераклигини, аммо музокаралар ҳозирги фронт чизиқлари асосида олиб борилиши лозимлигини урғулаган.

Трампнинг Демократик рақиблари уни Россия Президенти Владимир Путин билан яқин муносабатларда айблаб, унинг ёндашуви амалда татбиқ қилиниши Украинанинг таслим бўлишига тенг эканлигини ва бутун Европа учун хавф туғдиришини айтмоқда.

Трамп доимо унинг устувор вазифаси урушни тугатиш ва АҚШ ресурсларининг исроф бўлишини тўхтатиш эканлигини айтиб келади.

Собиқ маслаҳатчиларнинг мақоласида Трампнинг шахсий фикрлари қай даражада акс этгани аниқ эмас, аммо бу унга бериладиган маслаҳатлар йўналиши ҳақида тасаввур бериши мумкин.

Унинг урушни тугатишга қаратилган “Америка — биринчи ўринда” ёндашуви 2 Жаҳон урушидан кейин Совет Иттифоқига қарши қалқон сифатида тузилган трансатлантик ҳарбий иттифоқ ҳисобланувчи NATOнинг келажаги масаласига ҳам бевосита тааллуқлидир.

Россия 2020 йилнинг февралида Украинага бостириб кирди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия 2020 йилнинг февралида Украинага бостириб кирди

Ҳозирда 30 дан ортиқ мамлакатни ўз ичига олувчи иттифоқнинг салоҳиятини Трамп ҳар доим шубҳа остига олиб, Европани АҚШ ҳимоясига таянишда айблаб келади.

Ҳақиқатан ҳам содир бўлиши мумкинлиги ёки йўқлиги ҳануз қайноқ муҳокамалар остида бўлсада, АҚШнинг NATOдан чиқиши, бу трансатлантик мудофаа алоқаларида қарийб бир асрлик энг катта ўзгариш кутилётганлигини англатади.

Трампнинг баъзи иттфиоқчилари унинг бу борадаги қатъий позицияси ташкилот аъзоларини мудофаа харажатлари бўйича иттифоқ кўрсатмаларига риоя қилишга мажбурловчи музокара тактикаси эканлигини айтмоқда.

Бироқ, NATO раҳбарлари унинг ғалабаси иттифоқнинг келажаги учун қандай таъсир қилишидан ва рақиб томонлар ушбу ўзгаришни қандай қабул қилишидан хавотирга тушиши тайин.

Яқин Шарқ

EPA-EFE/REX/Shutterstock
Tramp arab va musulmon davlatlari bilan mustaqil Falastinni tan olmaslikni ko‘zda tutuvchi “Ibrohim kelishuvlari”ni imzolagandi. Falastinliklar hech qachon bu qadar yakkalanmagandi
Tom Beytman
BBC (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Трамп Украина каби Яқин Шарққа ҳам «тинчлик» олиб келишни ваъда қилади. У Ғазодаги Исроил-Ҳамас урушига ҳамда Ливандаги Исроил-Ҳизбуллоҳ можаросига якун ясамоқчи, бироқ қандай қилиб, деган савол ҳали ҳам очиқ қолмоқда.

Трамп агар Жо Байден ўрнида президент бўлганида, у Эронга қиладиган босим сабаб Ҳамас ҳеч қачон Исроилган ҳужум уюштира олмаган бўлишини бот-бот такрорлаб келади.

Умуман олганда, Трамп маъмуриятнинг Эрон ядровий келишувини тарк этган, Эронга янада кўпроқ санкциялар жорий қилган ва генерал Қосим Сулаймонийни ўлдирган сиёсатига яна қайтиши кутилмоқда.

Оқ уйда Трамп Исроилга нисбатан кучли қўллаб-қувватловчи сиёсатни амалга оширган, Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олган ва АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан у ерга кўчирган. Бу эса Трампнинг асосий сайловчиларидан бири бўлган насроний эвангеликлар базасини рағбатлантирган эди.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу Трампни “Оқ уйдаги энг яқин дўст” деб атаган эди.

Аммо танқидчилар Трампнинг айни шу сиёсати минтақадаги беқарорликка сабаб бўлганини таъкидлашади.

Вашингтон уларнинг Қуддусга бўлган даъвосидан воз кечиши билан, Фаластинликлар Трамп маъмуриятини бойкот қилишди. Зотан, бу шаҳар фаластинликлар учун миллий ва диний ҳаётнинг тарихий марказидир.

Трамп араб ва мусулмон давлатлари билан Исроилнинг дипломатик алоқаларини мувозанатлаштириш бўйича тарихий келишувни ўз ичига олган ва араб давлатлари учун асосий шарт деб белгиланган мустақил Фаластин давлатини тан олмасликни кўзда тутувчи “Иброҳим келишувлари”ни имзолаган эди.

Келишув иштирокчилари Исроилни тан олиш эвазига АҚШнинг илғор қурол-аслаҳаларини қўлга киритишди.

Фаластинликлар бу пайтга қадар ҳеч қачон бу қадар яккаланиб қўйилмаган эди. Бу уларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини янада заифлаштирди.

Трамп сайлов кампаниясида бир неча бор Ғазо уруши тугаши кераклигини айтиб ўтган.

Нетаняху билан мураккаб, баъзида эса низоли муносабатларга эга бўлишига қарамасдан Трампда унга етарлича босим ўтказа олувчи куч бор.

У, шунингдек, Ҳамас билан алоқага эга бўлган араб мамлакатлари раҳбарлари билан ҳам мустаҳкам алоқалар ўрнатган.

Унинг Исроил раҳбариятини қўллаб-қувватлаш ва урушни тугатишга бўлган интилиши ўртасида қандай йўл тутиши аниқ эмас.

Трампнинг иттифоқчилари унинг олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳаракатларини дипломатик актив сифатида тақдим этишган бўлсада, аллақачон тарихий миқёсда давом этаётган инқироз даврида бу қандай ишлаши номаълум.

Трамп Ғазода ўт очишни тўхтатиш эвазига Ҳамас томонидан асирга олинганларни озод қилиш бўйича Байден маъмурияти бошлаган, бироқ ҳозирча тўхтаб қолган дипломатик жараённи давом эттиришга, агар давом эттирса, буни қандай амалга оширишга аниқ қарор бериши ҳам керак.

Хитой ва савдо

Американинг Хитойга бўлган муносабати унинг ташқи сиёсатдаги стратегик жиҳатдан энг муҳим жабҳаси бўлиб, у глобал хавфсизлик ва савдо учун энг катта оқибатларга олиб келиши мумкин.

Трамп ҳокимиятда бўлганида Хитойни “стратегик рақиб” деб атаган ва Хитойнинг АҚШга бўлган баъзи импортларига юқори тарифларни қўллаган эди. Бу Пекиннинг Америка импортларига нисбатан худди шундай тарифлар жорий қилишига олиб келганди.

Савдо можароси юмшатилишга ҳаракат қилинган, аммо собиқ президент Совидни “Хитой вируси” деб аташи билан бу имконият йўққа чиқиб, муносабатлар яна ёмонлашганди.

Байден маъмурияти Хитойга нисбатан янада масъулиятли ёндашувни даъво қилган бўлсада, у, аслида, Трамп давридаги импортларга қўйилган кўплаб тарифларни сақлаб қолди.

Гарчи АҚШ саноатида, хусусан, пўлат ишлаб чиқаришда иш ўринларининг йўқотилиши глобал рақобат ва офшорингдан кўра кўпроқ ишлаб чиқариш автоматлаштирилиши ва ишлаб чиқаришдаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлса ҳам, АҚШдаги сайловчилар орасида савдо сиёсати ишлаб чиқаришдаги иш ўринларини ҳимоя қилишга алоқадор умумий қарашларга боғлиқ бўлиб қолган.

Трамп Хитой Президенти Си Жинпингни ҳам “даҳо”, ҳам “хавфли” ва 1,4 миллиард одамни “темир мушт” билан бошқарувчи самарали етакчи сифатида эътироф этганди. Бу эса танқидчилар томонидан Трампнинг “диктаторларга” нисбатан симпатияси ўлароқ баҳоланган эди.

Собиқ президент Хитойни тийиб туриш мақсадида минтақадаги бошқа давлатлар билан АҚШнинг хавфсизлик ҳамкорликларини кучайтириш бўйича Байден маъмурияти ёндашувидан четга чиқиши кутилмоқда.

АҚШ ўзини ўзи бошқарадиган Тайванга ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда. Ваҳоланки, Хитой уни охир-оқибатда Пекин назорати остига ўтувчи исёнкор вилоят деб ҳисоблайди.

Трамп октябрь ойида агар у яна Оқ уйга қайтса, Тайванга Хитой блокадаси қўйилишига қарши ҳарбий куч ишлатмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Президент Си Трампнинг “[роса] ақлдан озганлигини” ва бундай ҳолат юз берадиган бўлса, Хитой импортларига кескин тарифлар қўллашини яхши билади.

Иқлим ўзгариши

Иқлим инқирози борасидаги саволга келсак, "АҚШдаги сайлов нафақат унинг фуқаролари учун, балки бутун дунё учун катта аҳамиятга эга, чунки иқлим ва табиат инқирози ўта долзарб масала", дейди Нельсон Мандела томонидан ташкил этилган жаҳон етакчиларидан иборат Элдерс гуруҳи раҳбари, Ирландиянинг собиқ президенти ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мэри Робинсон.

"Иқлим ўзгариши ва унинг энг ёмон таъсирларидан қочиш учун даражанинг ҳар бир улуши муҳим аҳамиятга эга, бу Милтон каби вайронкор довуллар одатий ҳолга айланмаслиги учун ҳам керак," деб қўшимча қилди у.

Бироқ, йил бошида Милтон ва Ҳелене довуллари хукмронлик қилаётганда, Трамп ушбу иқлим фавқулодда вазиятларига қарши экологик режалар ва сиёсатларни "барча замонларнинг энг катта алдовларидан бири" деб атади, дея хабар берди Би-би-си мухбири Лайс Дуцет. Кўпчилик уни, худди биринчи муддатида қилгани каби 2015 йилдаги Париж иқлим келишувидан чиқиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Бироқ Робинсон Трамп ҳозир тўпланиб келаётган ҳаракатни тўхтата олмайди, деб ҳисоблайди.

"У АҚШнинг энергиядаги ўтиш жараёнини тўхтата олмайди ва миллиардлаб долларлик яшил субсидияларни ортга қайтара олмайди... шунингдек, у мустаҳкам нодавлат иқлим ҳаракатини тўхтатишга қодир эмас", дейди у.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002