Трамп БРИКС давлатларини "қудратли доллар"дан воз кечиш оқибатларидан огоҳлантирди. Бу таҳдидга Россия нима дейди?

tramp

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Доналд Трамп ноябрь ойида ҳам ўхшаш таҳдид билан чиққан эди.

Президент Доналд Трамп жума куни Россия, Хитой, Бразилия ва Ҳиндистон етакчилигидаги БРИКС давлатларини АҚШ долларини резерв валюта сифатида алмаштиришга уринмаслик ҳақида огоҳлантирди. У бундай амал БРИКС аъзолари учун оғир иқтисодий оқибатлар олиб келиши билан таҳдид қилган.

"Биз томошабин бўлиб турган вақт БРИКС давлатлари доллардан узоқлашишга уриниши ғояси энди ўз ниҳоясига етди. Биз бу душманона давлатлардан на янги БРИКС валютасини яратмасликларини, на бошқа валютани улуғвор АҚШ долларини алмаштириш учун қўллаб-қувватламасликларини талаб қиламиз. Акс ҳолда, улар 100% бож тарифларига дуч келадилар ва гўзал АҚШ иқтисодиётига товар сотиш билан хайрлашадилар", дейилади Трамп ўзининг TruthSocial ижтимоий тармоғида 31 ноябрь куни қолдирган постида.

EPA
Biz bu dushmanona davlatlardan na yangi BRIKS valyutasini yaratmaslikni, na boshqa valyutani ulugʻvor AQSH dollarini almashtirish uchun qoʻllab-quvvatlamasliklarini talab qilamiz.
Donald Tramp
AQSh prezidenti (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Доналд Трамп ноябрь ойидаги президентлик сайловида ғалаба қозонганидан кейин ҳам агар БРИКС давлатлари ўз валютасини яратадиган бўлса, жиддий бож тарифларига дучор бўлишидан огоҳлантириб, ўхшаш таҳдид билан чиққан эди.

Ўшанда Россия АҚШнинг давлатларни доллардан фойдаланишга мажбурлашга қаратилган ҳар қандай ҳаракати ўзига қарши ишлашини таъкидлаган эди.

Трампнинг таҳдиди ортидан декабрь ойи бошида журналистларга гапирган Кремль воизи Дмитрий Песков доллар "ўз жозибадорлиги"ни йўқотаётганини тилга олган.

"Доллар резерв валюта ўлароқ бир қатор давлатлар учун ўз жозибадорлигини йўқотмоқда. Доллар жозибадорлигининг емирилиши бўлмиш бу жараён бор гап ва унинг шиддати ошмоқда", деганди Песков декабрь ойи бошида.

Эндиликда, Трамп БРИКС гуруҳига доллардан воз кечган тақдирда, бошқа "лақма" давлат топишни тавсия қилган.

"БРИКС ҳеч қачон АҚШ долларини халқаро савдода ёки бошқа жойларда алмаштира олмайди. Бунга уринаётган ҳар қандай давлат бож тарифлари билан саломлашиб, Америкага воз кечиши керак!" таъкидлаган у 31 январь кунги постида.

Алоқадор мавзулар:

Россия жавобни куттириб ўтирмади

БРИКС гуруҳига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка киради, шунингдек, сўнгги йилларда бу гуруҳга бир нечта бошқа давлатлар ҳам қўшилган.

Гуруҳ умумий валютага эга эмас, бироқ бу мавзуда узоқ вақтдан бери давом этаётган муҳокамалар Ғарбнинг Россияга қарши уруш сабаб жорий этган санкцияларидан сўнг янги туртки олган.

Бироқ Доналд Трампнинг жума кунги таҳдидига жавоб қайтарган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков БРИКС давлатлари умумий валюта яратиш масаласини муҳокама қилмаётганини билдирган.

Reuters
...BRIKSda umumiy valyutani yaratish muhokamasi kechmayapti va kechmagan ham. BRIKSda yangi investitsiya platformalarini ishlab chiqish masalasi koʻrib chiqilmoqda.
Dmitriy Peskov
Kreml voizi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Бу биз учун ҳар нарсадан кўра муҳимроқ бўлган президентимизнинг сўзларини ёдга олмоқ зарур. Масала шундаки, БРИКСда умумий валютани яратиш муҳокамаси кечмаяпти ва кечмаган ҳам. БРИКСда учинчи давлатларга биргаликда инвестиция киритиш имконини берувчи янги инвестиция платформаларини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилмоқда", деган Песков.

Доллардан воз кечиш ғояси қачондан пайдо бўлган?

dollar

Сурат манбаси, Luisa González/Reuters

Сурат тагсўзи, Россия ўзаро олди-бердида АҚШ долларидан воз кечиш ғоясини анча йиллардан бери илгари суриб келади.

Россия ўзаро олди-бердида АҚШ долларидан воз кечиш ғоясини анча йиллардан бери илгари суриб келади.

Бу ғоя ҳозирда дунёнинг қарийб ярим аҳолисини тамсил этувчи БРИКС гуруҳи ташкил этилиши ортидан халқаро даражага чиққан.

АҚШ ва унинг Ғарбдаги иттифоқчиларига қарши янги қудрат мувозанати ўлароқ кўрилган гуруҳнинг 2009 йилда ўтган илк саммитидаёқ дунё "янги глобал резерв валютага муҳтож" экани тилга олинган эди.

Иқтисодий блокда янги резерв валюта яратиш бўйича музокаралар Украинага бостириб киргани ортидан Россияга қарши Ғарб санкциялари жорий этилиши билан янада кучайган.

Бу мавзу гуруҳнинг 2023 йил августида Жанубий Африкада ўтган навбатдаги саммитида ҳам алоҳида муҳокама қилинган.

Ўзбекистон шу йил 1 январидан БРИКСнинг ҳамкор давлати мақомини олган.