Ўзбекистон бош вазири: Олимпиадада эркаклар аёлларнинг кийимини кийиб чиқди

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Париж олимпиадасидан қайтган ўзбекистонлик спортчиларни кутиб олиш ва тақдирлаш маросимида

Сурат манбаси, .

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов айтишича, ўзбекистонлик спортчиларнинг Париж-2024 ёзги олимпиадасида янада кўп медалларни қўлга киритмаганига "эркак болаларнинг аёлларнинг кийимини кийиб чиққани" сабаб бўлган.

12 август тунида Тошкентда ўзбекистонлик спортчиларни кутиб олиш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Париж олимпиадасида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчларга Ўзбекистон давлати томонидан берилган пул ютуқлари, уйлар ҳамда автомобилларнинг калитларини Бош вазир Абдулла Арипов ва Сенат раиси Танзила Норбоева топширдилар.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов янада кўп ўзбекистонлик спортчилар медаллар соҳиблари бўлолмаганликларига тўхталди.

"Бунга, ўтган гал ҳам айтиб ўтгандик, ҳар хил ҳакамликда бўлган ноаниқликлар, бошқа сабаблар бўлиши мумкин, ва энг ёмони, бу гап ман ўйлайманки, умуман халқимизга ҳам ёқмаган нарса, бу эркак болаларнинг аёлларнинг кийимини кийиб чиққани бўлди. Бу умуман ҳеч қанақасига қабул қилиб бўлмайдиган нима билан, лекин шундаям бизани Ситорахон қизимиз ўша бояги Тайванми, Тайпэймидан келган ўша эркак йигит билан охиригача қўрқмасдан тушиб нима қилди", деди Бош вазир Арипов.

Тайванлик Лин Юй-тин Париж олимпиадасида 57 килограммгача вазндаги аёллар ўртасидаги боксда олтин медални қўлга киритди.

У 2 августдаги жангда ўзбекистонлик Ситора Турдибекова устидан ғалаба қозонган эди.

Ўзбекистон бош вазирининг ушбу баёноти Халқаро Олимпия қўмитасидан бокс қоидаларини ўзгартириш талаб қилинаётган вақтда янграмоқда.

Бокс спорт турида аёллар учун тенг имконият яратиб бериш талаби Париж-2024 олимпиадасида Венгрия ва Болгария Миллий олимпия қўмиталари томонидан илгари сурилди, улар Халқаро Олимпия қўмитасидан қоидаларни кўриб чиқишни сўрадилар.

Аёл боксчилар ҳимоясига Италия Бош вазири Жоржа Мелони, Сербия Президенти Александр Вучич, БМТнинг аёлларга қарши зўравонлик бўйича махсус маърузачиси Рим Алсалем чиқдилар.

Спортчилардан гендер тестини топшириш талаб қилинмоқда.

Аммо тестда спортчида XY хромосомаси борлиги аниқланиши ҳам, эркакларники деб кўриладиган тестостерон даражаси баландлиги ҳам унинг аёл эмаслигига исбот бўлолмайди.

Инсонда жинсий ривожланиш бузилган DSD бўлиши мумкин, БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги одамларнинг 1,7 фоизини DSD инсонлар ташкил этади.

Боксдаги гендер жанжали ҳақида фан нима дейди?

София Беттица

BBC гендер мухбири

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Лин Юй-тин ва Имона Халиф

Жазоирлик боксчи Имона Халиф ва тайванлик Лин Юй-тиннинг Париждаги шоҳсупадаги суратлари 2024 йилги Олимпиаданинг энг унутилмас суратларидан бири сифатида тарихга киради.

Ўтган йили бокс бўйича аёллар ўртасида жаҳон чемпионатида иштирок этиш шартларини бажара олмагани учун улар дисквалификация қилинганига қарамай, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Парижда аёллар боксида иштирок этишга рухсат бергани юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар авж олди.

Алоқадор мавзулар:

Ана шундай қизғин даврда фан инсоннинг хромосомалари таркиби ва уларнинг спортдаги натижаларга таъсирига ойдинлик киритмоқда.

Аммо изланишлар давом этмоқда ва ҳатто ўз касбий ҳаётини шунга бағишлаган мутахассислар ҳам илм-фан хулосаларини турлича талқин қилиши мумкин.

Бизга маълумки, жинсий фарқланиш ҳомила ривожланиши билан бошланади. Аксарият аёллар иккита Х хромосомасини (ХХ) олади, аксарият эркаклар эса Х ва Y хромосомаларини (ХY) олади.

Хромосомалар одамнинг жинсига таъсир қилади. Аммо гормонлар ҳам туғилишдан олдин, шунингдек, кейинчалик, балоғатга етиш даврида муҳим роль ўйнайди. Бола ҳали бачадонда ўсаётганда, гормонлар репродуктив органлар ривожланишига ёрдам беради.

Бироқ, ҳомиладорлик даврида баъзи чақалоқларнинг репродуктив органлари кўпчиликники каби ривожланмайди.

Бунга Жинсий ривожланишдаги фарқлар сабаб бўлиши мумкин. (Буни фанда DSD (differences in sex development) деб ҳам аташади.)

Бачадонда ривожланадиган генлар, гормонлар ва репродуктив органлар билан боғлиқ 40 га яқин шартлар гуруҳи мавжуд. Бу шуни англатадики, ҳар бир инсоннинг жинсий ривожланиши бошқа одамларнинг жинсий ривожланишидан фарқ қилади.

Жинсий хромосома аномалиялари камдан-кам учрайди, аммо улар Олимпиададаги бокс можароси туфайли эътибор марказига тушди.

Хўш, гендер можаросининг марказида турган икки боксчи ҳақида нима биламиз?

Ҳар икки спортчи ҳам ўтган йили Халқаро бокс ассоциациясининг гендер мувофиқлиги тестларидан ўта олмаган. Уларнинг XY хромосомалари ёки тестостерон даражасининг кўтарилгани ҳақида қарама-қарши маълумотлар бор эди.

Спортчилар вакиллари ва ХОҚ улар "аёл бўлиб туғилган, аёл бўлиб ўсган ва ҳар доим аёл сифатида рақобатлашган" деб таъкидласа-да, танқидчилар, жумладан, 2024 йилги Париж Олимпиадасидаги баъзи рақиблари бу спортчиларда DSD бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Ушбу генетик ўзгаришлар жуда кўп ва хилма-хил бўлганлиги сабабли, баъзи мутахассислар Y хромосомаси бўлган барча одамлар эркак ва Y хромосомаси бўлмаган барча одамлар аёл эканлигини аниқлашнинг иложи йўқлигини айтишади.

"Шунчаки Y хромосомасининг мавжудлигига қарашнинг ўзи одам эркакми ёки аёлми деган саволга жавоб бермайди", дейди Манчестер Метрополитен университети спорт институтида спорт кўрсаткичлари билан боғлиқ генетик омилларни ўрганувчи профессор Алан Уильямс.

"Бу жуда яхши кўрсаткич, чунки Y хромосомали одамларнинг аксарияти эркаклардир... лекин мукаммал кўрсаткич эмас."

DSD билан касалланган баъзи одамлардаги Y хромосомаси тўлиқ шаклланган типик эркакдагидек Y хромосомаси эмас. Ўзгарувчанликка қараб, унинг генетик материали етишмаётган, шикастланган ёки Х хромосомаси билан алмашган бўлиши мумкин. Эркак ёки аёл бўлиш ҳақида гап кетганда, SRY деб номланган ген ("Y хромосомасининг жинсини аниқловчи соҳа) одатда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

"Бу эркакни яратувчи ген дейилади. Бу жинсий ривожланиш учун асосий калит, - дейди генетик касалликларни ўрганувчи биолог, доктор Эмма Хилтон. У, шунингдек, «Sex Matters» хайрия ташкилотининг ишончли вакили бўлиб, Имона Халиф ва Лин Юй-тин қўшимча текширувлар ўтказилмагунча мусобақаларда қатнашмаслиги керак эди, деб таъкидлайди.

ХY хромосомалари билан туғилган баъзи одамлар, доктор Хилтон таъбири билан айтганда, "эркак яратувчи" генни йўқотади.

"Бу одамлар тестостерон ишлаб чиқармайди. Уларда жуда типик аёл анатомияси ривожланади», дейди доктор Хилтон.

Шунинг учун ХY хромосомаларини аниқлайдиган тест тўлиқ манзарани бермайди. Имона Халиф ва Лин Юй-тинга келсак, Халқаро Бокс Ассоциацияси қандай текширув ўтказгани тафсилотларини ошкор қилганича йўқ.

Бироқ, доктор Хилтон, шунингдек, ХY хромосомаларига эга бўлган DSDли одамларнинг кўпчилиги SRY генига эга эканлигини айтади, бу уларни эркак қилади.

Бундай одамларда мояклар одатда тананинг ичида жойлашади.

"Улар балоғатга этганда, тестостерон ишлаб чиқаришни бошлайдилар - бу гормон эркакларнинг спортдаги устунлиги асосидир", дейди доктор Хилтон.

Энг машҳур мисол - 800 метрга югуриш бўйича икки карра Олимпия чемпиони ва уч карра жаҳон чемпиони Кастер Семеня. Аммо профессор Алан Уильямс айтишича, DSDли спортчилар одатда эркаклар билан бирдеклигини тасдиқловчи бевосита далил йўқ.

Тўсиқ ташқи жинсий аъзоларни шакллантириш учун зарур бўлган гендир - бу ўғил болалар жинсий олати ўсиши учун зарур. Кастер Семеня билан бир хил касалликка чалинган ҳар қандай одамда бу генда мутация мавжуд бўлиб, уларнинг нормал ишлашига тўсқинлик қилади.

Бу ген бачадонда боланинг жинсий олати сўнгги босқичига қадар шаклланишида жуда муҳим ва агар у яхши ишламаса, уларда вулва ва клитор ривожлана бошлайди.

Аммо уларда аёл репродуктив аъзолари ривожланмайди: уларда бачадон бўйни ёки бачадон йўқ.

Бу одамлар ҳайз кўрмайди ва ҳомиладор бўлолмайди. Эркаклар билан жинсий алоқа қилиш қийин бўлиши мумкин.

Ўзингизда бундай генетик мутация борлигини билиш шокка солиб қўяди.

"Биз ХY хромосомалари ташхисини қўйган охирги аёл 33 ёшда эди, - дейди Орхус университетининг эндокринология профессори Клаус Хойбжерг Гравҳолт, у сўнгги 30 йил давомида DSD устида ишлаган.

Ҳомиладор бўла олмаётгани сабабини билиш учун бир бемор унинг олдига келди.

"Биз унинг бачадони йўқлигини аниқладик, шунинг учун у ҳеч қачон бола туға олмасди. Буни эшитиб у бутунлай тамом бўлди".

Профессор Гравҳолтнинг айтишича, инсон ўз жинси ҳақида шубҳаланиши беқарорликка олиб келиши мумкин, баъзида беморларни психологга юборишга тўғри келади.

"Агар мен сизга унинг фотосуратини кўрсатсам, сиз: бу аёл-ку дейсиз. Унинг танаси аёлники ва эркак билан турмуш қурган. У ўзини аёл каби ҳис қилади. Бу ҳол менинг кўпчилик беморларимда учрайди."

Профессор Гравҳолт ундан ҳайз кўришнинг йўқлиги ҳақида нима учун шифокорга бормаганини сўраганида, у оиласида ҳеч қачон ҳайз кўрмаган яна бир кекса аёл борлигини, шунинг учун у буни аномаллик деб ҳисобламаслигини айтди.

Профессор Гравхолт дуч келган яна бир генетик мутация мавжуд.

Баъзи эркакларга ХХ хромосомали ташхиси қўйилади. "Бу эркаклар бепушт. Улар оддий эркакларга ўхшайди, лекин мояклари ўртачадан кичикроқ ва сперма ишлаб чиқармайди. Улар бу ҳақда билишганда, ҳар доим даҳшатга тушади. Улар қариган сари, кўпчилик эркаклар сингари тестостерон ишлаб чиқаришни тўхтатади.

Баъзи маданиятларда ҳайз кўриш ва аёл анатомияси ҳақида очиқ гапириш маданий жиҳатдан қабул қилинмайди. Дунёнинг баъзи қисмларида аёллар ўз таналарида ғайриодатий нарса борлигини тушуниш учун маълумотга эга эмас.

Шунинг учун мутахассислар ишонишича, кўпгина DSDлар аниқланмай қолади.

Аммо профессор Гравҳолт яхши кўрсаткич сифатида Дания рақамларига ишора қилади.

"Дания, эҳтимол, бу маълумотларни тўплаш бўйича дунёдаги энг яхши мамлакат - улар хромосома тестини ўтказган ҳар бир кишини миллий реестрга киритади."

Унинг айтишича, ХY хромосомалари аёлларда жуда кам учрайди - Данияда бу тахминан 15 000 тадан битта.

Аммо унинг фикрича, агар сиз бошқа кўплаб генетик шартларни қўшсангиз, тахминан 300 кишидан биттасига таъсир қилади.

"Биз бу ўзгаришлар ўйлагандан кўра кенг тарқалганлигини ўрганмоқдамиз, - дейди профессор Гравҳолт. - Кўплаб беморларга кечроқ ташхис қўйилади. Мен ташхис қўйган энг кекса одам 60 ёшлардаги эркак эди".

Гендер можароси Олимпиададаги вазиятни ўзгартирадими?

Жинсий ривожланишда фарқли бўлган одамлар спортда адолатсиз тарзда устунликка эгами? Қисқа жавоб: аниқ хулосага келиш учун маълумотлар етарли эмас.

Профессор Алан Уильямс: "Агар DSD билан оғриган баъзи одамлар аёлларга нисбатан жисмоний устунликка эга бўлса, бундан ҳайрон бўлмасдим", дейди. Бу устунликка каттароқ мушак массаси, шунингдек, каттароқ, узунроқ суяклар ва ўпка ва юрак каби органлар киради.

Унинг айтишича, уларнинг қонида гемоглобин юқорироқ бўлиши мумкин, бу эса мушакларга кислород яхшироқ етиб боради деганидир.

"DSDнинг қайси турилигига қараб уларда ушбу элементларнинг 0 дан 100% гача бўлган афзалликлари кузатилиши мумкин."

У ўз соҳасидаги кўпчилик мутахассислар шундай фикрда эканини айтади, аммо кўпроқ далиллар керак.

Имона Халиф ва Лин Юй-тинга келсак, уларда DSD бор-йўқлигини билиш учун етарли маълумот йўқ.

Одатда эркак ва аёллар иккилик тоифаларига таянадиган спортларни тартибга солиш мураккаб, чунки жинснинг биологияси мураккаб.

Доктор Шейн Хеффернан спортлар мусобақалари соҳасида молекуляр генетика мутахассиси ва ҳозирда DSDли спортчилар ҳақидаги мақола устида ишламоқда.

Унинг айтишича, буларнинг барчаси инсоннинг генетик ҳолатидаги нозик фарқларга боғлиқ.

Мисол учун, андрогенга таъсирчанлиги паст бўлган DSDли аёлларда ХY хромосомалари бор; улар тестостерон ишлаб чиқаради; лекин уларнинг танаси бу гормонга нисбатан таъсирчан эмас. Шунинг учун уларга бу гормондан деярли фойда йўқ.

Доктор Хеффернаннинг таъкидлашича, DSD билан оғриган спортчилар етарлича маълум ва ўрганилган, лекин улар аниқ устунликка эгами ва аёллар тоифасида мусобақаларда қатнашиши керакми ёки йўқ, бу ҳақда тўғри илмий хулоса чиқариш учун етарли эмас.

Унинг фикрича, Халқаро Олимпия Қўмитаси энг яхши илмий далилларга асосланаётгани йўқ.

"Бу ташвишли. ХОҚ "устунлик йўқ деб фараз" қилади, аммо бунинг тўғридан-тўғри далили ёки DSDли спортчиларнинг фақат генетик ўзига хослиги туфайли устун бўлаётгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ."

"Бизда етарлича маълумотлар йўқ. Аёллар тоифасига қўшилиш ҳақида гап кетганда, кўп одамлар ҳиссиётга берилади, аммо ХОҚ бундай позицияни қандай оқлайди - буни тасдиқловчи маълумотларсиз");