Ўзбекистон узоқ йиллар ортга суриб келган қимматчилик: нега унинг зарбасини юмшатиш муҳим?

Юқори қувватли электр узатиш линиясида ишлаётган электрчи

Сурат манбаси, Rasmiy

Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелидан кўзланган нархлар эркинлаштирилишини 1 майга кўчиришга тўғри келди, ваниҳоят, ўзгаришлар кучга кирди.

1 майдан электр ва суюлтирилган газлар баҳолари кўтарилди, яна қатор соҳаларда қимматлашиш кузатилди.

Бу Ўзбекистон ҳукумати 1992 йилдан буён ортга суриб келаётган, аммо муқаррар жараён, буни халқаро молия ташкилотлари, мустақил иқтисодий таҳлилчилар анчадан буён айтиб келадилар.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон ҳукумати нарх-навони оширишга жуда эҳтиёткорлик билан ёндошади.

Бунга мустақиллик дастлабки йилларидаги ҳодисалар сабаб бўлган.

1992 йил бошидаги нон нархи кўтарилиши "Вузгородок" ҳодисалари" деб номланган норозиликларни келтириб чиқарган, шундан кейин Президент Ислом Каримовнинг нархлар оширилиши ҳақидаги ҳужжат остидаги имзоси матбуотда эълон қилинмайдиган бўлган.

СССР тарқалиши арафасида бошланган товарлар тақчиллиги собиқ иттифоқ республикалари мустақилликларининг дастлабки йилларида қимматчилик билан давом этди, мустақил бўлган ҳар бир мамлакат ўз иқтисодиётини ислоҳ этишга ўзича ёндашди.

Россия "шок терапияси"ни танлаган, мамлакат аҳолисининг аксари камбағал бўлгани учун Президент Ислом Каримов фалаж қилиб даволаш усули Ўзбекистонга тўғри келмайди деган қарорга келди.

Давлат бош ислоҳотчи бўлиб, иқтисодиёт босқичма-босқич бозор рельсига ўтказилиши керак, деган йўл танланди.

Алоқадор мавзулар

Аммо СССР замонида қурилган иссиқлик электр энергияси ишлаб чиқарадиган станциялар табиий газга ишлайдиган қилиб қурилган, бу станциялар тобора эскириб кетаверди, газ истеъмоли ва исрофи ҳам кўплигича қолаверди.

Ҳали 2000 йиллар бошларида халқаро ташкилотлар Ўзбекистон энергетика ҳақларини эркинлаштириши зарурлигини, бозор муносабатлари давлатнинг елкасидан халқни арзон электр билан таъминлаш юкидан халос қилиши маслаҳатини беришган, лекин яна халқнинг турмуш даражаси юқори эмаслиги важидан бу маслаҳат ва тавсияларга қулоқ солинмади.

Шунинг учун бугунгача давлат зарарига бўлса ҳам аҳоли учун электр ҳақларини "қўл етар" қилиб сақлаб туриш сиёсати танланди.

Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилдан 2024 йилгача электр нархларини кўтармади.

Орада бутун мамлакат энергетика тизими айни қишнинг аёзида ишдан чиқди, таъмир учун бир неча кун зарур бўлди.

Икки йилча олдин давлат бир миллиард долларча маблағни электр энергияси субсидиясига ажратишга мажбур бўлаётганини, минглаб километр электр симлари, юзлаб подстанциялар эскириб кетганини тан олди.

Аммо бу тартиб яна узоқ давом этолмайди, шунинг учун ҳам бир кун келиб электр ҳақларини бозорнинг ўзига қўйиб бериш керак.

Бунинг учун эса аҳолининг турмуш даражаси баланд бўлиши, токи бозор нархлари "чақиб олмайдиган" бўлишига етишиши талаб қилинади.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Акс ҳолда қимматчилик ижтимоий норозиликларни келтириб чиқариши мумкин, 2022 йилги Қозоғистондаги "Қонли январ" ҳодисалари қандай бошлангани ҳам сиёсатчиларнинг, ҳам оддий одамларнинг яхши ёдида: норозиликлар газ заправкаларидаги суюлтирилган газ баҳолари оширилиши ортидан келиб чиққанди.

Шу йил 1 апрелига режаланган нархларни кўтаришни 1 майга қолдириш сабабларидан бири ҳам ана шундай хавотирлар билан изоҳланади.

"Ўзбекистоннинг давлат харажатлари ҳали ҳам юқорилигича қолаяпти, Ўзбекистон ўтиш даври иқтисодий ислоҳотларида салмоқли ютуқларни қўлга киритди, бироқ бу ислоҳотларни ниҳоясига етказиши ва институционал ислоҳотларни жадаллаштириши лозим", деди яқинда бир ой мобайнида мамлакатдаги аҳволни ўрганган Халқаро Валюта жамғармасининг махсус миссияси.

Оддий одамларга қимматчилик зарбасини юмшатиш йўлида аксилмонополия идорасининг роли катта бўлиши лозимлигини урғулайдилар иқтисодий экспертлар.

Чунки мамлакатда сабаб бўлса-бўлмаса, "доллар қимматлади", "бензин, газ қимматлади" деган баҳона билан сотаётган товари нархини кўтариш ҳолатлари тез-тез кузатилади.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида монополистларнинг автомобилларга ёқилғи ва газ бозоридаги яккаҳукмронлигини суистеъмол қилишлари мавзусини кўтарди.

Шунингдек, ҳукумат тобора кўп аҳолига нархларни нега бозор ихтиёрига қўйиб юбориши муҳимлигини янада фаол тушунтиришни кучайтириши керак, деб ҳисоблайдилар иқтисодчилар.