Украина, Исроил-Фаластин, Афғонистон… Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий позициясини баён қилди

Сурат манбаси, Official
Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирги кунда халқаро майдондаги энг долзарб можаролар бўйича Ўзбекистоннинг позициясини маълум қилди. Президент бу ҳақда 7 апрель куни Тошкентда ўтган халқаро тадбирда гапирган.
Душанба куни Ўзбекистон пойтахтида 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий уюшмани бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ўтган.
Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтаётган мазкур халқаро йиғинда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаган.
Ўз нутқида Ўзбекистон президенти ҳозирда юз бераётган глобал ўзгаришлар манзарасида турли давлатлараро ва минтақалардаги низолар тинчлик ҳамда хавфсизликка таҳдид солаётганини тилга олган.
Мирзиёев энг муҳим можаролар бўйича Ўзбекистоннинг позициясини баён ҳам қилган.
Oʻzbekiston har qanday ziddiyat va qarama-qarshiliklarni faqat diplomatiya va tinch muzokaralar yoʻli bilan hal etishning qatʼiy tarafdori ekanini yana bir bor taʼkidlamoqchiman.
"Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор таъкидламоқчиман", деган у умумий позицияни тасвирлар экан.
Украинадаги вазият бўйича бошланган музокаралар ижобий натижа билан тугашидан умид қилишини билдирган Мирзиёев "энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топиш муҳим, деб ҳисоблаймиз", деган.
Шунингдек, у Фаластин ва Исроил ўртасида қайта оловланаётган можарони ҳам тилга олган.
"… Фаластин – Исроил низосининг ягона ва адолатли ечими "икки халқ учун – икки давлат" тамойилини рўёбга чиқаришдан иборатдир".
Бундан ташқари Ўзбекистон етакчиси Афғонистон халқаро майдонда яккаланиб қолмаслиги зарурлигини таъкидлаган.
"Ушбу мамлакатнинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик, амалдаги ҳукумат билан конструктив мулоқот ўрнатиш, Афғонистонга Марказий Осиё минтақасининг ажралмас қисми ва янги имкониятлар макони сифатида қараш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бу борада парламентларнинг кўмагига ишонамиз", маълум қилган Мирзиёев.
Шу билан бирга у Ўзбекистон Бош котиб Антониу Гутерришнинг БМТни ислоҳ қилиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашини айтган.
"Умуман олганда, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини универсал ва муқобили йўқ ягона глобал тузилма сифатида эътироф этади. Биз бу борада Бош котиб Антониу Гутерришнинг мазкур халқаро ташкилотни чуқур ислоҳ қилиш, унинг салоҳиятини ошириш бўйича олиб бораётган тизимли саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз", деган Мирзиёев.
Биринчи марта эмас
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат борасидаги позицияларини биринчи бор юқори минбардан туриб очиқлаши эмас.
Ўтган ҳафта Самарқандда ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммитида ҳам халқаро майдонда юзага келган инқирозлар асосий муҳокама мавзулардан бўлган эди.
Йирик тарихий халқаро йиғинда ЕИ вакиллари Украинада ҳар томонлама, адолатли, бардавом тинчликни кафолатлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилиш лозимлигини айтган.
Президент Мирзиёев бундай чақириқларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Сурат манбаси, Official
"Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар жараёнлари бошланганини олқишлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Олдинда жуда мураккаб ва ечими осон бўлмаган масалалар турганини тушунамиз. Бироқ дипломатик саъй-ҳаракатлар ва сиёсий қарорлар қабул қилишдан бошқа муқобил йўлни биз кўрмаяпмиз", деган Ўзбекистон етакчиси 4 апрель куни Самарқандда.
Мирзиёев ўтган йил октябрида Қозонда ўтган "БРИКС плюс" саммитида сўзлаган нутқида ҳам дунёда уруш ва можаролар сони ортаётганидан ташвиш билдириб, Ўзбекистон томони глобал муросага эришиш бўйича даъватларни қўллаб-қувватлашини билдирганди.
"Геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан ҳоли бўлган, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш бўйича янграган даъватларни қўллаб-қувватлайман", деган Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин мезбонлик қилган саммитдаги чиқишида.
Бироқ Ўзбекистон президенти ўшанда Украина можаросини бевосита тилга олмаган эди.